Россия Украина портига зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
20 Декабрь 4014 1 дақиқа
Россиянинг Украинага ракета ҳужуми оқибатида Одесса вилоятидаги порт объектларида 7 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Россиянинг баллистик ракеталари Украинанинг жануби-ғарбида жойлашган Одесса вилоятидаги порт инфратузилмасига зарба берган.
“Бугун кечқурун душман яна Одесса вилоятидаги порт инфратузилмаси объектига баллистик ракеталар билан оммавий ҳужум уюштирди. Зарба оқибатида автотураргоҳда турган юк машиналари ёниб кетди”, дейди вилоят ҳокими Олег Кипер.
Кипернинг айтишича, 15 нафар жабрланувчи шифохонага етказилган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 7 нафар.
У, шунингдек, ҳудудда ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари давом этаётгани сабабли фавқулодда ва тезкор хизматлар ишида қийинчиликлар юзага келганини қўшимча қилган.
Сўнгги ҳафталарда Одесса вилоятига ҳаво ҳужумлари кучайган, ҳозирда 12 та ҳудуддан қутқарувчилар такрорий зарбалар оқибатларини бартараф этишда ёрдам бермоқда.
“Россия расмийлари ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Давом этаётган уруш сабабли воқеа тафсилотларини мустақил тасдиқлаш қийин бўлиб қолмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қуролли кучлари Одесса ва Запорожьега дронлар орқали ялпи ҳужумлар қилганди.
Live
Барчаси