Россия Туркия қўллаб-қувватлаётган жангариларга зарба берди. Бу огоҳлантиришми?
Олам
−
27 Октябрь 2020
15859Россия аэрокосмик кучларининг Суриянинг Идлиб вилоятига уюштирган авиазарбалари оыибатида Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган исломий гуруҳларнинг 50 дан ортиқ жангариси ўлдирилди ва ўнлаб одамлар яраланди. Ҳужум Россия ва Туркия воситачилиги билан март ойида тузилган Идлибдаги сулҳга таҳдид солиши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Авиазарба Туркиянинг Ҳарим қишлоғи чегарасига яқин жойлашган "Файлак аш-Шом" исломий гуруҳининг лагерига берилган. Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш марказининг маълумотларига кўра, бунинг оқибатида 78 киши ҳалок бўлган.
Ташкилотнинг таъкидлашича, жароҳат олганларнинг кўпи оғир аҳволда ва ўлганлар сони кўпайиши мумкин.
Ҳаво ҳужуми Сурия армияси минтақадаги ҳаракатини тўхтатиб, сулҳ имзолангандан бери амалга оширилган энг қонлиси бўлди. Идлиб вилояти исёнчилар ва жангариларнинг Суриядаги сўнгги таянчига айланди. Шу пайтгача келишув деярли бузилмаган эди.
Сулҳ эълон қилингандан сўнг, Туркия Сурия Президенти Башар Асад билан боғлиқ кучларнинг ҳар қандай ҳужумларига жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилганди.
"Файлақ аш-Шом"ни ўз ичига олган “Миллий озодлик фронти” 26 октябрь куни Россия ҳарбий ҳаво кучлари позициялардан бирига зарба берганини, натижада, талафотларга сабаб бўлганини тасдиқлади. Қурбонлар сони ҳақида хабар берилмаган.
Баъзи таҳлилчилар амалга оширилган ушбу ҳаво ҳужуми Москванинг Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга огоҳлантиришидир, деб ҳисобламоқда. Чунки унинг қуролли кучлари Арманистон билан Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни қўллаб-қувватламоқда.
Сурия Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш марказининг маълум қилишича, "Файлақ аш-Шом"нинг баъзи жангарилари Озарбайжон томонидаги Тоғли Қорабоғда жанг қилиш учун кетгани.
Маълумот ўрнида, урушга қадар Идлибда олти минг квадрат километр майдонда бир ярим миллиондан озроқ аҳоли истиқомат қиларди. Эндиликда икки бараварга қисқарган ҳудудда (қолган ярмини Россия ёрдамида Асад қўшинлари эгаллаган) 3 миллионга яқин киши, жумладан, бир миллион нафар бола яшамоқда.
2018 йил сентябрда Россия, Туркия ва Эрон Идлибда ўт очишни тўхтатишга келишиб олганди. Вилоятни Туркия қўл остидаги Сурия мухолифати назорат қилиши режалаштирилганди.
LiveБарчаси