Россия “Толибон” Афғонистонни тўлиқ эгаллаб олишига тайёр эканини маълум қилди
Олам
−
29 Июль 2021
13720Россия “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олиш сценарийсига тайёр, бироқ расмий Москва воқеаларнинг бундай ривож олишига ишонмайди. Бу ҳақда Россия Президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов айтиб ўтди.
“Биринчидан, бундай сценарий юз беришига ишонмаймиз, аммо ҳар хил сценарийларга тайёрмиз. Таҳлилимизда турли хил вариантларни ишлаб чиқдик ва ҳисобга олдик”, дейди Путиннинг махсус вакили.
Унинг сўзларига кўра, толиблар ҳар қандай ҳолатда ҳам Афғонистон ҳудудининг ярмидан кўпини назорат қилмоқда. Америкаликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистоннинг 417 та провинциясининг 200 дан ортиғи толиблар бошқарувида.
Ўз навбатида, ҳаракат вакиллари мамлакат ҳудудининг 85 фоизи, чегараларнинг 90 фоизини назоратига олганини таъкидлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ҳаракати жангарилари ўртасидаги тўқнашув давом этмоқда. Бунинг фонида Россия Тожикистондаги базасидан ҳарбий контингентни Афғонистон яқинидаги полигонга кўчирди. Қайд этиш керакки, жорий йил 30 июлдан 10 августгача Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида ҳам машғулотлар ўтказади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси