Россия ТИВ О’Салливаннинг Ўзбекистонда айтган гапларини ҳурматсизлик деб атади

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливаннинг Ўзбекистонга келишидан мақсади Тошкентнинг Москвага нисбатан қўйилган чекловларга қандай амал қилаётганини текшириш бўлганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда Россия ТИВга таяниб, РБК хабар берди.

Айтилишича, Ғарб давлатлари Россиянинг Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлигига путур етказмоқчи. Шу билан бирга, вазирлик Европа Иттифоқи алоҳида давлатлар Москвага санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаслиги учун уларга “очиқ босим” ўтказмоқда, деб ҳисоблашини билдирган.

“Ҳар қандай воситалар қўлланилади – сиёсий шантаж ва хўжалик юритувчи субъектларни қўрқитишдан тортиб инфратузилма лойиҳаларига кўп миллионли сармоя ажратиш ваъдаларигача. Биз буни суверен давлатларга, уларнинг манфаатлари ва ривожланиш истиқболларига очиқдан-очиқ ҳурматсизлик, дипломатик алоқалар меъёрларига қўпол эътиборсизлик сифатида баҳолаймиз”, дейилади вазирлик хабарида. 

Ташқи ишлар вазирлиги бу ички сиёсий ва минтақавий барқарорликка путур етказиши ва халқаро иқтисодий тизимга таҳдид солиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Россия ТИВ Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливаннинг апрель ойи охирида Тошкентга ташрифига шундай муносабат билдирган. 

Таъкидланишича, О’Салливан расмий Тошкентнинг Россияга нисбатан чекловларни четлаб ўтишга ёрдам бермасликка ваъда бергани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган ва агар Европа Иттифоқи ўзбек компанияларининг бундай ёрдамини пайқаса, уларнинг ўзлари ҳам санкциялар остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган. О’Салливаннинг айтишича, Брюссель Ўзбекистон орқали Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидаги маҳсулотларни (блок-схема, микрочиплар, оптик ускуналар ва бошқалар) экспортини 126 фоизга оширган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг фикрича, О’Салливан Ўзбекистонга Брюсселнинг иқтисодий сиёсатини Россияга қарши чекловларга риоя қилганликларини текшириш учун келган ва чораларга риоя этилиши устидан назорат “доимий бўлишини” очиқ айтган.

“Ишончимиз комилки, Ғарб мамлакатлари учун жуда яхши таниш бўлган ва тарихан ўз фаровонлигини бошқа давлатлар ва минтақалар ресурсларидан чексиз фойдаланиш асосида қурган бундай ёндашувлар замонавий дунёда ўрин йўқ”, дейилади ТИВ хабарида.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги бўлиб қолмоқда, давлатлараро ўзаро савдо ўсиб бормоқда. 

“Биз икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларимиз бундан кейин ҳам ривожланиб боришига ишончимиз комил. Амалиёт шуни кўрсатадики, ноқонуний санкциялар фақат миллий ишлаб чиқарувчилар ва умуман хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини рағбатлантиради”, дея хулоса қилган ТИВ.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи раҳбарияти ва АҚШ расмийлари Россиянинг энг яқин савдо ҳамкорлари орқали санкцияларни четлаб ўтишига алоҳида эътибор бера бошлаган. Брюсселнинг таъкидлашича, Россияга тўғридан-тўғри етказиб беришнинг камайиши билан бирга бундай мамлакатларга экспорт оқими кескин ўсган. О’Салливан февраль ойида Россиянинг қўшниларида тўсатдан жуда кўп янги эҳтиёжлар пайдо бўлганини айтган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотларига кўра, савдодаги бундай динамика биринчи навбатда Қозоғистон, Туркия, Арманистон ва Қирғизистонга нисбатан аниқланган. “Financial Times” ва “Eurasianet” нашрлари 1 апрелдан Қозоғистон санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун реал вақт режимида транзитда бўлган товарларни кузатишни бошлаганини хабар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Европа Иттифоқи санкция О’Салливан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг