Россия 2 та ҳарбий базасини Сурияда қолдирмоқчи – “Reuters”
Олам
−
09:16
1867Россия ўз қўшинларини Сурия шимолидаги фронт чизиғидан ва Алавий тоғларидаги постлардан қайтариб олмоқда. Аммо мамлакатдаги иккита асосий базасини тарк этмаяпти. Бу ҳақда Суриянинг тўрт нафар расмийсига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, марҳум отаси, собиқ президент Ҳофиз Асад билан бирга Москва билан яқин иттифоқ тузган Башар Асаднинг ҳокимиятдан четлатилиши Россия базалари – Латакиядаги Ҳмеймим авиабазаси ва Тартус ҳарбий-денгиз иншоотининг келажагини сўроқ остига қўйган.
Сунъий йўлдошдан олинган суратларда дунёдаги энг йирик юк самолётларидан бири бўлган иккита Антонов Ан-124 самолёти Ҳмеймим базасида бурун конуслари очиқ ҳолда юкланишга тайёрланаётганини кўрсатади.
“Бугун 14 декабрь куни камида битта юк самолёти Ливияга учди. Аммо Россия ўзининг иккита асосий базасидан чиқаётгани йўқ ва ҳозирда бундай қилиш нияти ҳам йўқ”, деди Сурия хавфсизлик хизмати ходимларидан бири.
Туркиялик геосиёсий таҳлилчи Bosphorus Observer ташкилоти раҳбари Ёрук Ишикнинг айтишича, Россия юк самолётларини Суриядан Кавказ орқали Ливиядаги Ал-Хадим авиабазасига жўнатган бўлиши мумкин.
Хабарга кўра, Россия ҳарбийларининг Суриядаги мавжудлиги ва Асад ҳукумати ва Москва ўртасидаги ўтган келишувлар масаласига янги ҳукумат ҳали аниқлик киритмаган. Кремль Суриянинг янги рахбарлари билан базалар масаласини муҳокама қилаяпти. Аммо бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Тартусдаги объект 1971 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда ва Россия 2017 йилда Сурия фуқаролик урушида Асадни қўллаб-қувватлаш учун аралашганидан сўнг, Москва 49 йилга бепул ижарага олинган. Суриядаги базалар Россиянинг глобал ҳарбий мавжудлигининг ажралмас қисми. Тартус ҳарбий-денгиз базаси Россиянинг Ўрта ер денгизидаги ягона таъмирлаш ва таъминот маркази, Ҳмеймим эса Африкадаги ҳарбий ва ёлланма қўшинлар фаолияти учун асосий пост.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий йўлдош суратларига таяниб, Россия Мудофаа вазирлиги Суриядаги қўшинларини эвакуация қилишга киришгани хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь