Россия Таълим вазирлиги мигрант болаларга мактабни пулли қилишга қарши чиқди
Олам
−
07 Август 5722 2 дақиқа
Россия Таълим вазирлиги чет эллик меҳнат мигрантларининг болалари учун мактаб таълимини пулли қилиш таклифига қарши чиқди. Бу ҳақда вазирликнинг Давлат умумий таълим сиёсати ва мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича департаменти раҳбари Александр Реут маълум қилди.
Реутнинг сўзларига кўра, Россия Конституциясига биноан мамлакат ҳудудида яшаётган барча шахслар, жумладан фуқаролар ҳам, хорижликлар ҳам таълим олиш ҳуқуқига эга. У бу ҳуқуқ умумий ва ажратилмаган ҳуқуқ эканини эслатиб ўтган.
Бироқ бундан аввал, Россия Давлат думасининг ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов 1-синфдан 11-синфгача бўлган мактабда чет элликларнинг фарзандларини бепул ўқитишни тақиқловчи қонун лойиҳасини таклиф қилган эди. Унинг фикрича, чет эллик фуқароларнинг болалари, ёшидан қатъи назар, пулли асосда ўқиши керак.
Депутат Ярослав Нилов 2024 йилнинг сентябрь ойида Россия фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болалари учун боғча ва мактабларда бепул таълим олишни бекор қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. Қонун лойиҳасида “Россия Федерацияси таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш киритиш таклиф қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев фарзандлари рус мактабларида ўқимайдиган меҳнат муҳожирларининг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишга чақирганди.
Live
Барчаси