Россияда мигрантларнинг болаларига боғча ва мактаблар пулли қилиниши мумкин
Олам
−
07 Сентябрь
3035Россия Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов Россия фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болалари учун боғча ва мактабларда бепул таълим олишни бекор қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
"Биз бу хайрия даврини тугатишни таклиф қиламиз, чет эллик болалар Россия бюджети ҳисобидан, солиқ тўловчиларимиз ҳисобидан таълим олмаслиги керак. Улар учун таълим нафақат бепул, балки улар бизга бегона субмаданиятни, ўз қоидаларини ҳам ўрнатмоқда. Марҳамат, хорижлик ота-оналар фарзандларини таълим муассасаларимизга тижорат асосида жойлаштирсин. Ўзимизнинг рус болалари чет эллик ишчилар фарзандларининг ҳаддан ташқари кўплигидан азият чекмасин", дейди Нилов.
Қонун лойиҳасида "Россия Федерацияси таълим тўғрисида"ги қонунига ўзгартириш киритиш таклиф қилинди. Унга кўра, чет эллик болалар учун мактабгача, бошланғич умумий, асосий умумий ва ўрта умумий таълим пулли асосда амалга оширилади. Ҳозир уларнинг барчаси бепул асосда таълим олмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда боғча ва мактабларда МДҲ айрим мамлакатлари ва Марказий Осиёдан келган мигрантларнинг болалари сони кескин кўпайган.
"Россиядаги болалар боғчалари ва мактабларида мигрантлар сонининг назоратсиз ўсиши улардаги ўринларнинг етишмаслигига олиб келади. Ҳозир рус мактабларида тахминан 900 минг ўрин етишмаяпти. Бу айниқса, янги ва фаол қурилаётган районларда сезиляпти. Баъзи мактабларда ўнлаб биринчи синфлар ташкил қилинмоқда, иккинчи сменада ўқиётганларнинг улуши ҳам ошган. Ўқитувчилар меъёрдан 1,5-2 баробар кўп ишлашга мажбур бўлмоқда", дейилади тушунтириш хатида.
Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, мактабларда мигрант болалар сонининг кўпайиши бутун синфда ўқиш натижаларининг пасайишига олиб келади, чунки мигрант болалар рус тилини яхши билмайди.
Бундан ташқари, мослашув синфларини ташкил этиш ўқитувчиларнинг иш ҳақи учун қўшимча харажатларни талаб қилади. Шу сабабли мигрант болалар учун пулли таълим бериш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Самара шаҳрида Давлат Думаси кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида парламент қуйи палатаси раиси Вячеслав Володин мамлакатга ишлашга борган паст малакали мигрантлар оилаларининг Россияга киришини тақиқлаш кераклигини айтганди.
LiveБарчаси