Россия малакасиз мигрантлар оиласининг мамлакатга киришини тақиқлаши мумкин
Олам
−
04 Сентябрь
4552Бугун, 4 сентябрь куни Россиянинг Самара шаҳрида Давлат Думаси кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида парламент қуйи палатаси раиси Вячеслав Володин мамлакатга ишлашга борган паст малакали мигрантлар оилаларини киришини тақиқлаш кераклигини айтди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Нашрга кўра, Володин эътиборни Самара вилояти аҳолиси бу соҳада тартибни тиклаш бўйича сўровлар билан депутатларга мурожаат қилаётганига қаратган. Унинг сўзларига кўра, миграция масаласи Давлат Думаси фаолиятида устувор йўналиш ҳисобланади. Володин Россияга келган мигрант учун уни таклиф қилган корхона жавобгар бўлиши кераклигини таъкидлади.
“Бу ерга ишлаш учун келган паст малакали кадрлар ва мигрантлар ўзлари билан оиласи ва яқинларини олиб келмаслиги керак. Биз ҳозир бу масалани муҳокама қилмоқдамиз, чунки қонунчиликда буни амалга ошириш имконини берувчи бўшлиқ бор”, деди у.
Унга кўра, меҳнат миграцияси бир томондан, иқтисодий ривожланиш муаммоларини ҳал этишда ёрдам берса, иккинчи томондан, келганлар қонунлар ва урф-одатларга риоя қилиши, маҳаллий тилни билиши учун ҳамма нарса қилиниши зарур. Шунда муаммолар бўлмайди. У бу борада олтита қонун қабул қилинганини ҳам айтиб ўтди.
“Бир қатор бошқа қонун лойиҳалари ҳозир Давлат Думаси портфелида. Самара вилояти депутатлари, турли фракция вакилларидан келган ташаббуслар ҳам бор. Биз уларни шу йилнинг охиригача кўриб чиқамиз”, деган Володин.
Маълумот учун, жорий йилнинг 8 август куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда ноқонуний мигрантларга тегишли янги миграция депортацияси режимини жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Қабул қилинган қонун назорат остидаги шахслар реестрини яратишни назарда тутади. Депортацияга қадар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс махсус муассасага жойлаштирилади. У мамлакатни тарк этгач, режим ўз фаолиятини тўхтатади.
Шунингдек, жорий йил 1 декабрдан бошлаб Россияга кириш учун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан биометрик маълумотларни тақдим этиш бўйича синов лойиҳаси ишга туширилиши мумкин. Унга кўра, Россияга визасиз кириш учун барча чет элликлар махсус аризада биометрик маълумотларни олдиндан топширишлари ва ташриф мақсади ҳақидаги маълумотларини тақдим қилиши керак. Шунингдек, виза режимида Россияга борадиганлар саёҳат ҳужжатларини, шу жумладан фотосурат билан ариза шаклини бериши зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва вилоятида ўтказилган рейддан сўнг МДҲ давлатлари ва Африкадан 120 нафар мигрант Россия Федерациясидан чиқариб юборилди.
LiveБарчаси