Россия Сурия учун янги банкнотларни босиб чиқаради – “Reuters”

Олам

image

Суриянинг муваққат ҳукумати деноминацияланган миллий валютадаги банкнотларни муомалага чиқаришни режалаштирмоқда. Уларни Россиянинг “Гознак” компанияси чоп этади. Бу ҳақда ўз манбалари ва ҳужжатларга таяниб, “Reuters” хабар берди.  

Нашрнинг ёзишича, “Гознак” Сурия учун илгари ҳам банкнотлар чоп этган. Гап 2017 йилда Башар Асад сурати туширилган 2000 сурия фунти, шунингдек, 2019 йилда байроқ фонидаги Палмира ибодатхоналаридан бирининг декорацияси тасвирланган 5000 фунт намуналари ҳақида боради. Башар Асад ҳокимиятининг сўнгги йилларида санкциялар бўғиб қўйган мамлакатда инфляция кучайган ва пул қадрсизланган.

“Сурияда янги банкнотлар чиқарилади, кучсизланган фунтга ишончни тиклаш мақсадида ундан иккита ноль олиб ташланади”, дейилади хабарда.

Нашрнинг икки манбасининг сўзларига кўра, мамлакатнинг муваққат ҳукумати янги банкнотларни Россиянинг “Гознак” компанияси билан ишлаб чиқаришга келишиб олган. Уларнинг маълумотига кўра, тегишли битим жорий йилнинг июль ойи охирида Сурия делегациясининг Москвага ташрифи чоғида эришилган.

Қайд этиш жоиз, 2024 йилда Сурияда ҳокимият алмашинуви юз берганди. Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида мухолифатнинг қуролли отрядлари Сурия армияси позицияларига ҳужум бошлади, мамлакатнинг иккинчи муҳим шаҳри Ҳалабни эгаллади ва 8 декабрь куни Дамашққа кирди. Башар Асад президентлик ваколатларини топширди ва мамлакатни тарк этди. Янги Сурия маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шара жорий йилнинг 29 январида ўтиш даври президенти сифатида эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари юмшатилганидан сўнг Сурия янги банкноталарни “Гознак” корхонасида босишдан воз кечмоқчилиги хабар қилинганди. Хусусан, Дамашқ янгиланган пулларни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Германияда босмоқчилиги айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия банкнот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг