Россия Озарбайжонни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларга нима дейди?
Олам
−
19 Сентябрь 2023
8775Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Бакунинг Қорабоғдаги операцияси фонида Арманистоннинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлигини тан олишига эътибор қаратди.
У ўзининг Тelegram-каналида Ереваннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Москвага Озарбайжоннинг “тажовуз”ини тўхтатиш чораларини кўриш ҳақидаги чақириғига қисқа жавоб берди.
"Расмий Ереван Қорабоғнинг Озарбайжонга тегишлилигини тан олгани ҳақида нима дейиш мумкин?" деб ёзган Захарова.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг май ойида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян арманлар хавфсизлиги таъминланган тақдирда (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини маълум қилганди. Пашинян ўшанда ҳудудий яхлитлик халқаро муносабатларда бирламчи ва энг муҳим тамойилга айланиб улгурганини билдириб, Ереван тан олишга тайёр бўлган Озарбайжон ҳудудига Қорабоғ ҳам киришини айтиб ўтганди.
“Озарбайжоннинг 86,6 минг квадрат километр майдонига Тоғли Қорабоғ ҳам киради, аммо Степанакерт-Баку мулоқотида Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масаласи муҳокама қилиниши керак”, деган эди Пашинян.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 сентябрга ўтар кечаси Қорабоғда ноқонуний қуролли гуруҳ аъзолари томонидан ўрнатилган мина бир неча озарбайжонликларнинг ҳаётига зомин бўлганди. Шундан сўнг, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Арманистон ТИВ эса Озарбайжонни (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ аҳолисига қарши “кенг кўламли тажовуз”ни бошлаганликда айблаган.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь