Россия мигрант болаларнинг қанчасини мактабга қабул қилмагани маълум бўлди

Олам

image

Россия мактаблари мигрант болаларнинг 87 фоизини, асосан, рус тили имтиҳонига кириш учун ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли ўқишга қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.

Нашрга кўра, жорий йил апрелдан августгача бўлган даврда 23 минг 616 нафар вояга етмаган хорижликларнинг ота-оналари болалари ўқиши учун ариза топширган. Бироқ ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами фақат 8223 нафар бола учун топширилган. Натижада тест синовларида 5940 нафар бола қатнашган, “2964 нафари уни муваффақиятли якунлаган” ёки умумий абитуриентлар сонининг 12,6 фоизини ташкил этган.

Россияда 2025 йил 1 апрелдан бошлаб мактабларга киришда чет эллик болалар учун рус тилидан мажбурий имтиҳон жорий этилди. Муваффақиятли ўқишга кириш учун саволларнинг 90 фоизига тўғри жавоб бериш керак. Аниқлик киритилишича, тестлар ҳар бир синфдаги билим даражасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Биринчи синф ўқувчиларининг оғзаки нутқи, тушуниш, асосий лексик ва грамматик кўникмалари синовдан ўтказилади. Иккинчи синфдан бошлаб ўқиш ва ёзиш топшириқларга киритилади. Расмийларга кўра, синовнинг мақсади боланинг жорий таълим дастурлари доирасида рус тилини ўрганиш қобилиятини баҳолашдир.

Шу билан бирга, фарзандларини рус мактабларига бермоқчи бўлган хорижликлардан ҳам бир қатор ҳужжатлар талаб қилинади. Агар ота-онанинг қариндошлиги ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи бўлса, болани рўйхатга олиш мумкин. Бундан ташқари, улар бутун оиланинг Россияда бўлишининг қонунийлиги тўғрисидаги ҳужжатларни, аризачида хавфли юқумли касалликлар йўқлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномани ва уларнинг паспортларини тақдим этиши керак. Барча нусхалар рус тилида бўлиши ёки нотариал тасдиқланган таржимаси билан бирга бўлиши керак. Агар ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, мактаблар аризани кўриб чиқмасдан қайтаради.

Август ойида Давлат думасига Россия мактабларида хорижликлар учун таълимнинг тижорат шаклини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Шунингдек, депутатлар рус тили имтиҳонидан ўтиш учун бепул уринишлар сонини чеклашни таклиф қилди. Тушунтириш хатида қайд этилишича, қонун мактабларда “900 минг ўрин етишмаслиги” муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради. Муаллифларнинг таъкидлашича, Россияда яшовчи 638 мингдан ортиқ вояга этмаган мигрантларнинг атиги 181 минг нафари ўқимоқда.

Давлат думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов 2024 йилнинг сентябрь ойида Россия фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болалари учун боғча ва мактабларда бепул таълим олишни бекор қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. Қонун лойиҳасида “Россия Федерацияси таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш киритиш таклиф қилинганди. Унга кўра, чет эллик болалар учун мактабгача, бошланғич умумий, асосий умумий ва ўрта умумий таълим пулли асосда амалга оширилади. Ҳозир уларнинг барчаси бепул асосда таълим олмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Таълим вазирлигининг Давлат умумий таълим сиёсати ва мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича департаменти раҳбари Александр Реут чет эллик меҳнат мигрантларининг болалари учун мактаб таълимини пулли қилиш таклифига қарши чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант болалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг