Россия Марказий Осиёга ёрдам беришга ишонтиряпти

Олам

image

Марказий Осиё давлатлари терроризмга қарши курашда Россиянинг ёрдамига ишонишлари мумкин. Бу ҳақда бугун, 18 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтаётган терроризмга қарши курашда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги конференцияда сўзга чиққан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг янги чақириқлар ва таҳдидлар департаменти директори Владимир Тарабрин маълум қилди. 

“Марказий Осиё давлатлари терроризмга қарши курашда Россия Федерациясининг ҳар томонлама ёрдами ва қўллаб-қувватлашига қатъий ишонишлари мумкин”, деб ишонтирди Тарабрин. 

У Марказий Осиёда БМТнинг глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш ва минтақадаги террорчиларнинг қурол-яроғ билан таъминланишига қарши курашиш бўйича Россия Федерацияси томонидан қўллаб-қувватланаётган Террорга қарши кураш бошқармасининг лойиҳаларига эътибор қаратди. 

Ташқи ишлар вазирлиги вакили 2022 йил сентябрь ойида Россиянинг Қобулдаги элчихонасига қаршисида содир этилган теракт терроризмга қарши курашда, жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳам саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидлади. 

Душанбедаги анжуман Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, Тожикистон ҳукумати, Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, ЕХҲТ ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. 

Унда вазирлар, БМТга аъзо давлатлар вакиллари, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси бўйича тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, чегара хавфсизлиги бўйича экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Конференция якунлари бўйича терроризмга қарши курашиш ва террорчилар ҳаракатининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасида Душанбе декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Терроризм ва экстремизм

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг