Россия Лочин йўлагидан узоқлашмоқда – Пашинян
Олам
−
03 Сентябрь 2023
13673Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия Жанубий Кавказдан узоқлашаётганини айтди. Бу ҳақда у Италиянинг “La Repubblica” газетасига берган интервьюсида гапириб ўтган.
“Биз Россиянинг ўзи қадамлари ёки кўрмагани туфайли минтақани тарк этаётганини кўряпмиз”, дейди Пашинян.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлиши керак бўлган Лочин йўлаги Россия назорати остида эмас.
“Иккита сабаб бўлиши мумкин: ё Россия Федерацияси Лочин йўлаги устидан назоратни сақлаб қола олмайди ёки хоҳламайди”, дейди Пашинян.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Лочин коридоридаги беқарорлик билан боғлиқ вазиятда россиялик тинчликпарвар кучларни айблаш нотўғри эканини маълум қилган.
Маълумот учун, Лочин йўлаги Арманистонни Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўлдир. Жорий йилнинг 11 июль куни Озарбайжон Лочин чегара пункти фаолиятини тўхтатган. Бунга Халқаро Қизил Хоч қўмитасига қарашли автомашиналар орқали контрабанданинг такрорий олиб ўтилишига уринишлар сабаб қилиб кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 август куни АҚШ раислигида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Қорабоғ масаласидаги йиғилиши бўлиб ўтган, бироқ йиғилиш сўнгида ҳеч қандай резолюция ёки қўшма декларация қабул қилинмаганди.
LiveБарчаси