Россия Киевдаги кўп қаватли уйга зарба берди

Олам

image

Россия дрони Украинанинг Киев шаҳри Соломянский туманида 25 қаватли тураржой биносига ҳужум қилди. Шунингдек, Днепр шаҳри ҳам ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда Киев мэри Виталий Кличко маълум қилди.

Қайд этилишича, зарба оқибатида 25 қаватли уйнинг 17, 18 ва 19-қаватларидаги хонадонлар зарар кўрган. Дастлабки маълумотларга кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши жароҳат олган.

“Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, қутқарувчилар уй-жойнинг 100 дан ортиқ аҳолисини эвакуация қилди. Ёнғин назорат остига олинган, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Россия Қуролли кучлари Днепр шаҳрига ҳам ракета зарбаси берган. Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакка кўра, ҳужум оқибатида тураржой биноси ва шифохона зарар кўрган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 19 октябрь куни Россия ҳарбийлари Запорожьега бошқариладиган бомба ташлаган. Оқибатда 10 киши, жумладан, 9 ва 13 ёшли қизлар жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Бомбалардан бири Набережная кўчаси яқинида жойлашган гипермаркет ҳудудига, иккинчиси эса Трудовой кўчаси яқинидаги очиқ майдонга тушган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Одесса портидаги инфратузилмага баллистик ракеталар билан ҳужум қилган эди. Ракеталардан бири Палау байроғи остидаги OPTIMA фуқаролик кемасига бориб урилган ва ҳужум оқибатида 60 ёшли украиналик ҳалок бўлган, яна беш нафар чет эл фуқароси яраланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Киев Виталий Кличко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг