Россия Киевдаги 6-иссиқлик электр марказига зарба берди

Олам

−

image

Россия ҳарбийлари бугун, 31 октябрга ўтар кечаси дронлар ёрдамида Киевдаги 6-иссиқлик электр марказига (ИЭМ-6) зарба берди. Россия Мудофаа вазирлиги мазкур объект ҳарбий логистика иншоотлари ҳамда қурол-яроғ ва ҳарбий техника сақланадиган жойларни электр энергияси билан таъминлаганини билдирди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

“Зарбалар оқибатида ҳарбий логистика объектлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техника сақланадиган жойларни электр энергияси билан таъминловчи 6-иссиқлик электр маркази шикастланди“, дейилади вазирлик хабарида.

Киевдаги ИЭМ-6 Украинадаги энг йирик иссиқлик электр марказларидан бири ҳисобланади. У Киевнинг шимоли-шарқий чеккасида, Деснянский туманида жойлашган. Марказ бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Унинг электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 500 мегаватт, иссиқлик қуввати эса соатига 1 740 гигакалорияни ташкил этади.

Россия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Харьковдаги “Протон“ саноат зонасида жойлашган, Украина Қуролли кучлари учун қурол-яроғ ва ҳарбий техника эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариладиган цехларга ҳам зарба берилганини маълум қилган. Бундан ташқари, дронларни йиғиш ва сақлаш учун фойдаланиладиган омборлар ҳам нишонга олинган.

Вазирлик маълумотларига кўра, Одесса шаҳридан 18 километр жанубда Украина Қуролли кучлари учун юк ташиётгани айтилган қуруқ юк кемаси ҳам зарбага учраган.

Аввалроқ, 30 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва унинг атрофидаги ҳарбий-саноат корхоналари ҳамда энергетика объектларига, шунингдек, Қора денгиздаги ҳарбий юклар ташиётган кемага ҳужум қилинганини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Брянск вилоятидаги ҳарбийлар учун консерва ишлаб чиқарадиган завод ва Самара вилоятидаги нефтьни қайта ишлаш заводига ҳужум қилганди. Ҳар икки корхона ҳудудида ёнғин чиққан.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг