Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширмоқчи
Олам
−
26 Декабрь 2022
10740Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон ички бозорлари учун газ етказиб бериш ҳажмининг ўсишини ушбу мамлакатларда шу турдаги ёқилғи истеъмоли ортиши фонида муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак маълум қилди.
“Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан уларнинг ички бозорига газ етказиб бериш ҳажмининг ўсишини муҳокама қилмоқдамиз, чунки уларнинг истеъмоли ортиб бормоқда”, дейди у.
Бундан ташқари, Новак Россия Озарбайжон билан ўзининг ички истеъмоли учун газ етказиб бериш ҳажмини оширишга келишиб олганини ва келажакда “своп” (ўзаро айирбошлаш – таҳр.) етказиб беришни муҳокама қилиши мумкинлигини айтди.
"Озарбайжон билан етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича келишув мавжуд, чунки уларда газ етишмовчилиги ҳамон бор. Келажакда улар газ қазиб олишни кўпайтирганда,биз алмашинувни муҳокама қилишимиз мумкин", дейди у.
15 ноябрь куни “Газпром” Озарбайжонга янги шартнома асосида газ етказиб беришни бошлади ва унга кўра 2023 йил мартигача 1 миллиард куб метргача газ етказиб беради. 2021 йилда Озарбайжон ва Россия табиий газни мавсумий алмашинуви соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар: 2023 йилгача амал қиладиган шартнома ёзги мавсумда Озарбайжондан Россияга газ етказиб беришни, шунингдек, қиш мавсумида Россиядан Озарбайжонга худди шундай ҳажмдаги газни етказиб беришни назарда тутади.
Шунингдек, Новакнинг сўзларига кўра, Россия Федерациясидан Хитойга газ етказиб бериш йилига 100 миллиард куб метрга етиши мумкин, Россия Федерацияси ҳам Туркия орқали уларни кўпайтириши кўзда тутилган.
“Агар қувур гази ҳақида гапирадиган бўлсак, унда асосий истеъмолчи Хитой ҳисобланади. Режалаштирилган лойиҳаларни ҳисобга олсак, етказиб бериш йилига 100 миллиард куб метрга етиши мумкин. Туркия орқали газ экспортини ошириш ҳам мумкин, дейди Бош вазир ўринбосари.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасида Кремлда учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Қозоғистон Президентининг маълум қилишича, Путин Тўқаевга Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон иттифоқини тузишни таклиф қилган. Кейинроқ маълум бўлишича, Путин Тўқаевга уч давлатнинг газ бўйича иттифоқини тузиш режаларини айтган ва бу масала Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўнғироқ қилиш нияти борлигини билдирган.
8 декабрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан энергетика соҳасида ҳамкорликка кириши мамлакат ичидаги истеъмол талаби билан боғлиқгини айтиб чиқди.
"Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг энергия тармоқларни кимгадир бериб юбориш орқали эмас, олди-сотди, тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти", деган эди вазир.
Орадан кўп ўтмай, Россия Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам баёнот билан чиқиб, газ иттифоқини тузишда ҳеч ким сиёсий шартлар қўймаётгани, иттифоқ тузиш ғояси контекстида бу гап йўқлигини айтди.
LiveБарчаси