Россия Қирғизистон ва Тожикистонга “яраш ошини пишириш”ни таклиф қилди
Олам
−
14 Сентябрь 2022
7846Россия Федерацияси Қирғизистон ва Тожикистонни чегарадаги вазиятни нормаллаштириш ва провокацияларнинг олдини олиш чораларини кўришга чақиради. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг бугун, 14 сентябрь куни тарқатилган баёнотида айтилади.
“Россия томони қирғиз-тожик чегарасида 14 сентябрь куни эрталаб чегарачилар ўртасидаги отишма оқибатида яна кескинлашган вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари ўртасидаги мавжуд келишувларни ҳисобга олган ҳолда, биз ҳар икки томонни вазиятни сиёсий-дипломатик майдонга қайтариш учун барча зарур чораларни кўришга ва ҳар қандай провокацияни биргаликда бостиришга чақирамиз”, дейди дипломат.
Шу билан бирга, у, Москва томонларга чегара масалаларига узоқ муддатли ечим топишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
“Россиянинг чегараларни белгилаш, жумладан, Марказий Осиёдаги қўшнилар билан бўлган бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда, томонларга чегара масалалари бўйича узоқ муддатли ўзаро мақбул йечимга эришишда кўмаклашишга тайёрлигимизни билдирамиз”, дея хулоса қилди Захарова.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасида бир неча отишмалар юз берди.
Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегаранинг белгиланмаган қисмига ҳам кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган.
Тўқнашувда Қирғизистоннинг икки, Тожикистоннинг олти нафар фуқароси жароҳатланди ва тожик томонининг икки ҳарбийси қурбон бўлди.
Маълумот учун, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 980 км дан ошади, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин унинг ўнлаб баҳсли участкалари сақланиб қолган. Ҳозиргача икки давлат ўртасидаги 660 км дан ортиқ масофа аниқланиб, делимитация ва демаркация жараёнида келишиб олинган. Айрим ҳудудларда вақти-вақти билан чегарадош ҳудудларнинг маҳаллий аҳолиси ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади.
LiveБарчаси