Россия Исроилни Ливандаги ҳарбий ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга чақирди
Олам
−
01 Октябрь
9809Россия Исроилни мавжуд вазиятни сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал қилиш учун Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Исроилдаги элчиси Анатолий Викторов маълум қилди.
Унинг айтишича, Исроилнинг Ливанга бостириб кириши Яқин Шарқ минтақасида зўравонликларнинг янада кучайишига олиб келади.
“Ҳозирги вазиятда биз Исроилни жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, вазиятни тинч, сиёсий йўл билан тартибга солишга ундаймиз, акс ҳолда оқибатлар минтақадаги барча давлатлар учун мутлақо оғир бўлади”, деди у “Россия-24” телеканалида.
Элчининг таъкидлашича, Россия 27 сентябрь куни Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилишини қоралайди.
“Насруллоҳнинг йўқ қилиниши Исроилда можарога барҳам бериш ва вазиятни сиёсий ва дипломатик йўлга қайтариш истаги йўқлигини кўрсатади”, дейди дипломат.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги можаронинг янги босқичи Ливанда 17-18 сентябрь кунлари алоқа қурилмалари портлашидан кейин бошланди. Ҳаракат портлашларни уюштириш учун масъулиятни Исроил зиммасига юклади, унинг расмийлари воқеа ҳақида тўғридан-тўғри изоҳ бермади, бироқ шимолий йўналишда ҳарбий амалиётлар фаоллашганини эълон қилди. 23 сентябрь куни Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши “Шимолнинг ўқлари” ҳарбий операциясини бошлаб юборди ва унинг давомида ҳаракатнинг ҳарбий объектларига катта зарбалар берди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Ҳизбуллоҳ” ҳам жавоб тариқасида Исроил томонга зарба берган эди. Ливан қаршилик кучлари Тель-Авивдаги Исроил ҳарбий разведка штаб-квартираси – 8200-бўлим жойлашган Глилот базасига Fadi-4 ракеталари ҳужумини амалга оширган. Гуруҳ, шунингдек, Тель-Авив чеккасидаги “Моссад” штаб-квартирасига ҳам ҳужум уюштиргани ҳақида маълум қилган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси