Россия Исроил вазирининг Ал-Ақсога борганини қоралади

Олам

image

Россия Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мажмуасига радикал фикрдаги кўплаб тарафдорлари билан бостириб кирганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. 

Кеча, 13 август куни Бен-Гвир радикал фикрдаги 2000 дан ортиқ исроиллик билан масжидга борган.

“Бизнинг сиёсатимиз яҳудийларнинг ибодатини таъминлашдир”, деган Итамар Бен-Гвир оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Москва исроиллик вазирнинг мажмуага бостириб киришидан жуда хавотирда ва буни провокацион ҳаракат сифатида баҳолаган.

“Исроил ҳукумати уларни қоралаш билан чекланиб қолмай, 1994 йилда Иордания-Исроил тинчлик шартномасида мустаҳкамланган Қуддуснинг муқаддас қадамжолари статус-квосини қўпол равишда бузувчи бу амалиётни тўхтатиш учун самарали чоралар кўриши керак”, дейилади баёнотда.

Баёнотда айтилишича, бундай ҳаракатлар ҳам Исроил жамиятида, ҳам фаластинликлар орасида радикал кайфиятни кучайтиришга ёрдам беради ва Ғазо секторида давом этаётган жанговар ҳаракатлар фонида Исроил-Фаластин можароси ҳудудида зўравонликни камайтиришга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларга путур етказади.

Ал-Ақсо масжиди Исломдаги учинчи муқаддас жой саналади. Яҳудийлар бу ҳудудни Маъбад тоғи деб аташади ва бу ерда иккита қадимги яҳудий ибодатхонаси жойлашган деб ҳисоблашади.

Исроил 1967 йилги Араб-Исроил уруши пайтида Ал-Ақсо жойлашган Шарқий Қуддусни эгаллаб олган. 1980 йилда Исроил бутун шаҳарни аннекция қилди, бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳеч қачон тан олинмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил хавфсизлик кучлари Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидининг имоми Шайх Икрима Сабрийнинг хонадонини тинтув қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Исроил масжиднинг 85 ёшли имоми Шайх Икрима Сабрийга масжидга киришни тақиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ал-Ақсо масжиди Итамар Бен-Гвир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг