Россия Ғарбнинг қоидаларига бўйсунмайди – Путин
Олам
−
23 июн 4363 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Ғарб давлатлари олиб бораётган сиёсатни қаттиқ танқид қилиб, Европани бошқа давлатларнинг ички масалаларига аралашганликда айблади. Бу ҳақда Кремль раҳбари “Примаковские чтения” форумига йўллаган мактубида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб ўзини дунёга тартиб ва қонун ўрнатаётган тараф сифатида кўрсатади, аммо аслида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиб, уларга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
“Ғарб давлатлари дунё қоидаларга асосланган бўлиши кераклигини иддао қилади. Лекин бу гаплар ортида бошқа давлатларнинг мустақиллигини ҳурмат қилмаслик, уларнинг ички ишларига аралашиш ва ташқи сиёсатини ўзгартиришга мажбурлаш каби ниятлар яширинган. Россия ва дунёдаги кўплаб мамлакатлар бундай қоидаларни мутлақо қабул қилмайди”, деган Путин.
Россия Президенти дунёда барча давлатлар тенг бўлиши, ҳар бир мамлакат ўз тараққиёт йўлини мустақил танлаши кераклигини таъкидлаган. У халқаро ҳуқуқ устувор бўлиши ва бу қонунлар барча давлатлар учун бир хил амал қилиши лозимлигини айтган.
Путин, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг обрўси ва ваколати сақланиб қолиши муҳим эканини ҳам қайд этган.
Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков эса Ғарбни халқаро тартибни бузаётганликда айблаган. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари турли санкцияларни тинимсиз жорий қилмоқда ва ўзлари тузган қоидаларни фақат ўз манфаатлари учун талқин этяпти.
“Улар қоидаларга асосланган тартиб ҳақида гапиради. Аммо амалда битта қоида ишлаяпти: ким кучли бўлса, ўша хоҳлаганини қилади”, деган Ушаков.
Россия раҳбари аввал ҳам бир неча бор дунё бир марказга бўйсунмаслиги, аксинча кўп қутбли тизим шаклланиши кераклигини айтган. Унинг фикрича, келажакдаги дунё тартиби фақат тенглик, ўзаро ҳурмат ва барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиш асосида қурилгандагина адолатли бўлади.
Путиннинг таъкидлашича, ҳозир янги дунё тартиби шаклланмоқда ва унда миллий мустақилликни қадрлайдиган давлатларнинг ўрни тобора кучайиб бормоқда.
Маълумот учун, “Примаковские чтения” – 2015 йилдан бери Москвада ўтказиб келинаётган йирик халқаро илмий-эксперт форуми саналади. Форум машҳур рус сиёсатчиси, дипломат ва олим Евгений Примаков хотирасига бағишланган бўлиб, уни Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти (IMEMO) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнь куни Европа Иттифоқи етакчилари Брюсселда бўлиб ўтган саммитда Россияга қарши секторли санкцияларни аввалги каби 6 ой эмас, балки бир йил муддатга узайтиришга келишиб олганди.
Қабул қилинган қарорга кўра, ЕИ тарихида биринчи марта Россияга қарши секторли санкциялар 12 ойлик муддатга узайтирилмоқда. Шу вақтгача мазкур чекловлар ҳар олти ойда қайта кўриб чиқилар эди.
Live
Барчаси