Россия Ғарбга қарши гибрид уруш олиб бормоқда – разведка
Олам
−
03 Октябрь 6264 2 дақиқа
Россия Дания ва бошқа Ғарб мамлакатларига қарши гибрид уруш олиб боряпти – бу орқали у НАТО ичида ишончсизлик ва ихтилоф уруғини сочиш, ҳамда Украинага кўрсатилаётган ёрдамни сусайтиришни мақсад қилган. Бу ҳақда 3 октябрь куни Копенгагенда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дания ҳарбий разведка хизмати (Forsvarets Efterretningstjeneste) директори Томас Аренкиль маълум қилди.
Аренкилнинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда Дания ҳудудидаги аэропортлар ва муҳим стратегик объектлар устида дронлар учиши кузатилган. Шу сабабли баъзи вақтларда фуқаролик дронларига осмонни вақтинча ёпишга ва ҳатто Копенгаген ҳамда шимолдаги Олборг аэропортларида парвозларни тўхтатишга тўғри келган.
Ҳозирча дронларни ким учиргани аниқланмаган, аммо даниялик расмийлар бунинг ортида Россия турганидан шубҳаланмоқда.
“Россия бизни уруш хавфи яқин деган фикрга ишонтирмоқчи. Улар биз доимий равишда қўрқув ичида яшашимизни истайди”, деди Аренкиль.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий кемалари бир неча марта Дания кемалари билан тўқнашув курсини ҳам олган.
НАТОга қарши сиёсий босим
Дания ҳарбий разведка хизмати маълумотида қайд этилишича, Россиянинг асосий мақсади – НАТОнинг сиёсий бирдамлигини заифлаштириш ва қарор қабул қилиш салоҳиятини издан чиқариш.
Шунингдек, Россия “соя флоти” орқали нефтини Болтиқ денгизи орқали ташишни муҳофаза қилиш учун қирувчи самолётлардан фойдаланмоқда; НАТО ҳудудларига (Польша, Эстония, Финляндия, Руминия) ҳаво ҳудудини бузиб кирмоқда; Дания қуролли кучларига қарши диверсиялар ва НАТОга қарши ҳарбий провокациялар уюштириш эҳтимоли юқори.
Разведка маълумотига кўра, IT инфратузилмасига йўналтирилган йирик киберҳужумлар хавфи ўрта даражада, аммо Данияга нисбатан бевосита ҳарбий ҳужум хавфи мавжуд эмас.
Путиннинг жавоби: “Бошқа дрон юбормайман”
Россия Президенти Владимир Путин 2 октябрь куни “Валдай” халқаро мунозара клуби мажлисида дронлар ҳақидаги айбловларга ҳазил билан жавоб берди:
“Биз Францияга ҳам, Данияга ҳам, Копенгагенга ҳам энди дрон юбормаймиз”, деди у.
Путиннинг сўзларига кўра, Россияда “Лиссабонгача учадиган дронлар” йўқ ва Европа шаҳарларида улар учун нишон ҳам мавжуд эмас. У Ғарбнинг айбловларини “вазиятни кескинлаштириш ва мудофаа харажатларини ошириш усули” деб атади.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь