Россия Финляндия яқинидаги мудофаани кучайтиришни режалаштирмоқда

Олам

image

Россия Украинадаги урушда янги тажриба орттиргандан сўнг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини тубдан таъмирлашни режалаштирмоқда, шунингдек, Финляндиянинг НАТО ҳарбий иттифоқига қўшилиши фонида қарши ҳужумларга тайёр туриш учун ҳаво мудофаасини кучайтирмоқчи. Бу ҳақда Россия Аэрокосмик кучлари Бош қўмондони ўринбосари генерал-лейтенант Андрей Деминга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Маълумки, 2022 йилнинг 24 февралида Украинада уруш бошлангандан бери Россиянинг ҳам, Украинанинг ҳам ҳаво ҳужумига қарши мудофаасини синовдан ўтказган бир қанча дрон ва ракета ҳужумлари бўлди. Андрей Демин эса Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина зарбалари олдида бир қатор қийинчиликларга дуч келганини тан олди.

Унинг сўзларига кўра, Россия назорати остидаги Украина ҳудудларида асосий иншоотларни ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ташкил этилган. Россия 50 дан ортиқ мобил радиолокацион станциялар ва А-50 эрта огоҳлантирувчи ва назоратчи самолётларининг кунига 24 соатлик патрул хизматини йўлга қўйган. Шу билан бирга Украинага яқин ҳудудларда ракета ва зенит қурилмалари мустаҳкамланган.

“Ислоҳотлар режалаштирилган ва шубҳасиз, амалга оширилади. Бўлажак ўзгаришларнинг мақсади – Россия Федерациясининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини такомиллаштиришга қаратилган қуролли кучларни ривожлантириш”, дейди Россия Аэрокосмик кучлари Бош қўмондони ўринбосари.

Шунингдек, у Россия билан 1300 километрлик чегарага эга бўлган Финляндиянинг НАТОга қўшилганидан кейин расмий Москва шу ҳудуддаги мудофаа тизимини мустаҳкамлашга қарор қилганини таъкидлаган.

“Бундай шароитда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мамлакат шимоли-ғарбидаги давлат чегарасини юқори хавф даражасига мувофиқ ҳимоя қилиш масалаларини ишлаб чиқмоқда”, деган генерал-лейтенант Андрей Демин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Финляндия НАТО сафига расман қабул қилинганди. 5 апрель куни эса Финляндия Исроилга David's Sling ракетага қарши мудофаа тизимини сотиб олиш учун буюртма берди. 7 апрель куни эса НАТОга Финляндияни қўшилиши билан ўзгарган альянснинг шарқий қанотида янги мудофаа ва тўсиқ архитектураси ишлаб чиқилётгани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Финляндия ҳаво ҳужумидан мудофаа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг