Россия FIFA ва UEFА’ни судга беради
Спорт
−
04 Март 2022
13456Россия футбол иттифоқи (РФИ) FIFA ва UEFA устидан Лозаннадаги Спорт арбитаж судига шикоят қилмоқчи. Бу ҳақда РФИ баёнотида сўз борган.
РФИга кўра, FIFА ва UEFА Россия эркаклар ва аёллар терма жамоасининг барча мусобақалардаги иштирокини қайта тиклаши зарур.
“Россия футбол иттифоқи FIFА ва UEFА томонидан Россия терма жамоаларини халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлаштириш қарори устидан Лозаннадаги Спорт арбитраж судига мурожаат қилади. Икки ташкилотга қарши ягона даъво доирасида РФИ Россиянинг барча эркаклар ва аёллар терма жамоаларини улар иштирок этган турнирларда (шу жумладан Қатардаги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида) қайта тикланишини талаб қилади. Россия жамоаларининг кейинги режалаштирилган ўйинларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш учун РФИ ишни кўриб чиқишнинг тезлаштирилган тартибини талаб қилади. Агар FIFA ва UEFA аризани тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишга рози бўлмаса, FIFA ва UEFА қарорларининг кучга киришини тўхтатиб қўйиш сўралади. Шунингдек, Россия жамоалари иштирок этиши керак бўлган мусобақаларни тўхтатиб туриш кўринишидаги вақтинчалик чораларни жорий этиш талаби қўйилади”, дейилган Россия футбол иттифоқи баёнотида.
Шунигдек баёнотда айтилишича, FIFA ҳамда UEFА Россия терма жамоаларнинг мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини бузган
“РФИ FIFA ва UEFА’нинг Россия жамоаларини четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда қонуний асосларга таянмаган. Бу РФИнинг FIFA ва UEFА аъзоси сифатидаги асосий ҳуқуқларини поймол қилди. Жумладан, РФИнинг мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини бузди. Бундан ташқари, миллий терма жамоани ЖЧ-2022 саралаш босқичидан чиқариб ташлаш қарори плей-офф босқичидаги рақибларнинг босими остида қабул қилинган. Бу спорт тамойили ва ҳалол ўйин қоидаларининг бузилишига олиб келди. Шунингдек, Россия футбол иттифоқига ўз позициясини тақдим этиш имконияти берилмади. Бу асосий ҳимоя ҳуқуқининг бузилганлигини англатади”, дейилган РФИ баёнотида.
Россия спортига киритилган чекловлар
Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди.
Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.
Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.
FIFA ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.
Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.
Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг "Шальке 04" клуби ва UEFA'нинг ўзи ҳам Россиянинг "Газпром" трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси