Россия Эстония Бош вазирини қидирувга берди

Олам

image

Эстония Бош вазири Кая Каллас жиноий иш юзасидан Россияда қидирувга берилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг ахборот-қидирув маълумотлар базасида маълум қилинди.

"Каллас Кая.  Жиноят кодекси моддаси билан қидирувга берилди”, дейилади маълумотлар базасида.

Бироқ қидирув қайси модда бўйича ўтказилганига аниқлик киритилмаган.

Шунингдек, вазирлик Эстония Давлат котиби Таймар Петеркопни ҳам жиноий иш бўйича қидирувга берган, бироқ қайси модда бўйича иш олиб борилаётгани маълум қилинмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ёзишича, Россия ИИВ Кая Каллас ва Таимар Петеркопни совет аскарлари ёдгорликларини вайрон қилгани учун қидирувга берган.

"Улар дунёни нацизм ва фашизмдан озод қилганларнинг хотирасига қарши жиноятлари учун жавоб беришлари керак! Ва бу ҳали бошланиши", дейди Захарова. 

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Кая Каллас ва Болтиқбўйи давлатларининг бир қатор бошқа расмийларини қидирувга бериш учун тарихий хотирага нисбатан ғазаб, шунингдек, Россияга бўлган душманлик сабаб бўлганини айтди.

"Улар тарихий хотирага қарши ғазабнок қарорлар учун жавобгардир. Улар тарихий хотирага ҳам, мамлакатимизга нисбатан ҳам душманлик қилаётган одамлардир”, деган Кремль воизи.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Кая Каллас Эстония ҳукумати миллий озчиликлар учун рус тилидаги таълимни молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилган. 2022 йилнинг ёзида эса у мамлакатдаги барча совет обидаларини жамоат майдонидан олиб ташланишини эълон қилди.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин эса Эстониянинг Россия билан чегарадош Нарва шаҳри яқинидаги Т-34 танки кўринишидаги ёдгорликнинг бузилиши билан боғлиқ расмийларнинг ҳаракатларини текширишни талаб қилганди. 

Қидирув холатлари юзасидан Эстония томони ҳозирча бирор муносабат билдирганича йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия қидирув Эстония Бош вазир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг