Россия эрта тонгда Украинага ракеталар ёғдирди. Қурбонлар бор

Олам

image

Россия қўшинларининг бугун, 11 август куни эрта тонгда Украинанинг жануби-шарқидаги Запорожье шаҳрига дрон ва ракеталар билан уюштирган қўшма ҳужуми оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Ukrinform “ хабар берди.

Запорожье вилояти губернатори Иван Фёдоров Россия қўшинлари шаҳарга ракеталар ва авиация бомбалари ёрдамида ҳужум қилганини билдирган. У, шунингдек, бинолар ва транспорт воситалари ёнаётгани акс этган суратларни эълон қилган.

Ҳужум оқибатида бинолар ва нотураржой иншоотлари зарар кўрган, электр таъминотида узилишлар юзага келган ҳамда ёнғинлар чиққан. Россия кучлари саноат объектлари ва инфратузилмани ҳам нишонга олган. Гаражлар кооперативи ва бошқа нотураржой бинолари зарар кўрган.

Дастлаб ҳужум оқибатида 9 киши жароҳатлангани хабар қилинган. Кейинчалик Фёдоров қурбонлар сони 5 нафарга, жароҳатланганлар эса 20 нафарга етганини маълум қилган.

Маълум қилинишича, Запорожье ва Киев шаҳарларида ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш сигналлари янграган. Киев ҳарбий маъмурияти пойтахтнинг марказий туманидаги омборхоналар ёнаётганини маълум қилган. Ҳужум оқибатида 1 киши жароҳатланган.

Киев мэри Виталий Кличко марказий туманга тиббиёт ходимлари юборилганини айтган.

Нашр хабарига кўра, Россия кучлари Киев ва бошқа бир қатор ҳудудларга ҳам ракета зарбалари берган.

Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинлари жорий йилнинг 9 август куни эрталаб Украина ҳудудларига, жумладан, Харков ва Одесса вилоятларига ракета ҳамда дронлар билан зарба берганди. Ҳужумлар оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 29 киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг