Россия Эронга ёрдам юборишни бошлади
Олам
−
09:29 23179 2 дақиқа
Эрон Россия ва бошқа дўст давлатларга гуманитар ёрдам сўраб мурожаат қилган ва уни етказиб бериш ишлари аллақачон ташкил этилган. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова хабар берди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили брифингда таъкидлашича, мамлакатда кўплаб шифохоналар ва тез ёрдам станциялари вайрон бўлгани, шунингдек яраланганлар сони, жумладан аёллар ва болалар орасида ҳам кўплиги сабаб Эрон томони дўст давлатлардан дори-дармон юборишни сўраган.
Унинг айтишича, Россия Президенти Владимир Путин топшириғига биноан Россиядан Эрон халқи учун зарур гуманитар ёрдам юбориш ташкил этилмоқда.
12 март куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Эрон аҳолиси учун 13 тоннадан ортиқ дори-дармон юборилишини эълон қилган. Юк Il‑76 ҳарбий-транспорт самолёти орқали Озарбайжонга етказилади, шундан кейин у ердан Эрон вакилларига топширилади.
Қайд этиш жоиз, АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши ҳарбий операция бошлаган. Бунга жавобан Эрон Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базалари ва нефть танкерларига зарбалар бермоқда.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 8 март ҳолатига мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 1200 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Эронга АҚШ ҳарбий кучларининг жойлашуви ва ҳаракати ҳақида разведка маълумотлари узатаётгани ҳақида хабар берилганди. Берилган маълумотларнинг катта қисми Россиянинг сунъий йўлдошлари орқали олинган тасвирлардан иборат. Уларда АҚШ қўшинлари, кемалари ва ҳарбий самолётларининг жойлашуви акс этган.