Россия дрони Украинадаги Эстония элчисининг уйига бориб урилди
Олам
−
09 Ноябрь
4519Россиянинг жорий йилнинг 7 ноябрь куни Киевга уюштирган ҳужуми давомида Эстониянинг Украинадаги элчиси Аннели Колк яшайдиган уйга дрон бориб урилди. Бу ҳақда Эстония Ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, эрталаб содир бўлган ҳужум пайтида дрон уйнинг юқори қаватига келиб урилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким, Колкнинг ўзи ҳам жароҳат олмаган.
“Россия ўз босқинини тўхтатмас экан, Украинадаги ҳеч ким хавфсизликда эмас. Украинага ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари керак. Биз бунга кўникиб қолмаслигимиз лозим”, деган Маргус Цахкна.
Бўлиб ўтган воқеалар фонида Цахкна Ғарб ҳамкорларини Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини янада кўпроқ таъминлашга чақирди. Эстония Бош вазири Кристен Михал ҳам худди шундай илтимос билан чиққан.
Шу куни Россия Украина ҳудудига 106 та учувчисиз учиш аппаратларини учирган бўлиб, украиналик ҳарбийлар 74 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлган, яна 25 та қурилма мамлакатнинг турли ҳудудларида кўздан йўқолган. Киев шаҳри ҳукуматининг маълум қилишича, уриб туширилган дронларнинг қолдиқлари тўртта туманга қулаши оқибатида ёнғин юз берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси Одесса шаҳри ва вилоятига учувчисиз самолётлар билан йирик ҳужум уюштирганди. Вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Кипер ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, яна тўққиз киши жароҳатланганини маълум қилганди. Ҳужум оқибатида зарар кўрган таълим муассасаси Одессадаги энг қадимги мактаблардан бири бўлган 125-лицейдир.
LiveБарчаси