Россия “дон келишуви”ни бекор қилди
Олам
−
17 Июль 2023
23850Россия эртага, 18 июлдан бошлаб Дон йўлаги келишуви ўз фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 17 июль куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Қайд этилишича, дон келишувининг H бандига мувофиқ, Россия томони унинг янада узайтирилишига эътироз билдирмоқда. Бу ҳақда Туркия ва Украина томонлари ҳамда БМТ Котибияти расман хабардор қилинган.
“Дон йўлаги келишуви 18 июлдан ўз фаолиятини тўхтатади. Бу навигация хавфсизлиги кафолатларининг бекор қилиниши, денгиз гуманитар коридорининг чекланиши, Қора денгиз шимоли-ғарбидаги вақтинчалик хавфли ҳудуд режимининг тикланиши ва Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш марказининг тарқатилишини англатади”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Россия ТИВ Украина озиқ-овқатларини қуруқлик йўлаклари орқали экспорт қила оладиган Киевнинг Европадаги иттифоқчилари билан эълон қилинган бирдамликни кўрсатиш вақти келганига ишонч билдирган.
“Аммо, шу билан бирга, ҳеч қандай назоратсиз келган арзон ва сифатсиз ғалла Европа бозорларини бутунлай чўкиши, маҳаллий фермерларнинг норозилигини келтириб чиқариш хавфи бор. Агар бу ҳақиқатан ҳам Брюсселни хавотирга солаётган бўлса, Европа Иттифоқи аъзолари уни сотиб олишлари ва очликка қарши кураш ҳақида гапириш ўрнига уни муҳтож давлатларга юборишни бошлашлари мумкин”, дейилади баёнотда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Дон йўлаги келишуви тугатилганини тасдиқлаган.
“Аслида бугундан бошлаб Қора денгиз бўйича келишувлар ўз фаолиятини тўхтатди. Афсуски, Россияга тегишли Дон йўлаги келишувининг бир қисми ҳали амалга оширилмаган, шунинг учун унинг таъсири тўхтатилди. Келишувларнинг Россия қисми бажарилиши биланоқ, Россия томони дарҳол ушбу битимни амалга оширишга қайтади”, деган Песков.
Унинг сўзларига кўра, келишувни узайтирмаслик ҳақидаги қарорнинг Қрим кўпригидаги тунги воқеага алоқаси йўқ, Песков буни “террорчилик ҳаракати” деб атаган ва воқеада Украинани айблаган.
Украина ҳарбийлари эса ҳужум Россиянинг ўзи томонидан содир этилган провокация бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, бироқ Украина ОАВлари ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб, воқеа ортида Украина Хавфсизлик хизмати турганини хабар қилмоқда.
“Бу мутлақо бир-бирига боғлиқ бўлмаган воқеалар. Терактдан олдин ҳам бу позицияни Президент Путин эълон қилган”, дейди Песков.
Маълумот учун, Дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, мартгача, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Якуний муддат – бугун, 17 июль куни тугайди.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова қашшоқ давлатлар учун ташкил этилган Дон келишуви доирасидаги олди-сотди жараёнларининг 81 фоизи юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларга тўғри келишини, буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида амалга оширилаётганини айтганди. 13 июлда эса Россия Президенти Владимир Путин Дон келишуви бўйича барча шартлар бажарилмагунча, Россия ташаббусдаги иштирокини тўхтатиб қўйиши мумкинлигини билдирди ҳамда Ғарб келишув доирасидаги Россия манфаатларига тегишли ваъдаларнинг ҳеч бирини бажармаганини эслатди. Шунингдек, у дон битими бир томонлама ўйин эканини айтди. Бироқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған россиялик мавқедоши Путин гўёки дон шартномасини узайтиришга рози бўлгани ҳақида баёнот берди. Путиннинг воизи Дмитрий Песков эса Эрдўғаннинг сўзларини рад этди.
LiveБарчаси