Россия Британия дипломатини қувиб солди
Олам
−
09:12 4698 1 дақиқа
Россия Федерал хавфсизлик хизмати Буюк Британия элчихонасининг иккинчи котиби Янсе Ван Ренсбург Албертус Жерардус аккредитациядан маҳрум қилингани ва у икки ҳафта ичида мамлакатни тарк этиши кераклигини маълум қилди.
Махсус хизмат баёнотига кўра, ушбу дипломат Москвага юборилиш жараёнида Россияга кириш рухсатномасини олишда ўзи ҳақида атайлаб ёлғон маълумот берган ва шу орқали Россия қонунчилигини бузган.
Шунингдек, Федерал хизмат унинг фаолиятида Россия хавфсизлигига таҳдид солувчи разведка ва қўпорувчилик фаолияти аломатлари аниқланганини билдирган. Хусусан, у иқтисодиёт соҳасидаги россиялик мутахассислар билан норасмий учрашувлар давомида махфий маълумотларни олишга уринган.
Шу асосда Россия Ташқи ишлар вазирлиги бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда уни аккредитациядан маҳрум қилиш ва мамлакатни тарк этишни буюрган.
Федерал хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россия фуқароларига огоҳлантириш бериб, салбий оқибатлар – ҳатто жиноий жавобгарликкача олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш учун Россия ТИВ билан келишилмаган ҳолда британиялик дипломатлар билан учрашувлар ўтказмасликни тавсия қилган. Уларнинг таъкидлашича, расмий дипломатик лавозимлар ортида махсус хизмат ходимлари яширин бўлиши мумкин.