Россия BRICS’дан нимани хоҳлайди?
Олам
−
22 Октябрь
107612006 йилда Россия ташаббуси билан ташкилот ташкил этилганидан бери 16-марта BRICS’нинг йиллик саммити Қозонда бошланди. Жорий йиғилиш ўзининг "юқори" таркиби билан аввалгиларидан фарқ қилиши керак – унда турли мамлакатларнинг 24 нафар етакчиси, жумладан, Россия Федерацияси Президенти иштирок этади.
Жанубий Африкадаги аввалги саммитда гуруҳ суратида Владимир Путин бўлмаган, унинг ўрнига Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошқа етакчилар билан қўл бериб кўришган. Жанубий Африка қарорларига риоя қиладиган Гаагадаги Халқаро жиноий суд ордери асосида ҳибсга олиниши хавфи туфайли Путин ўшанда сафарини бекор қилганди.
“Deutsche Welle”нинг ёзишича, Россия ҳукумати ташкилотга қизиқиш ортиб бораётганига ишонтирмоқда – 34 давлат "турли шаклларда" ҳамкорликни эълон қилди, жумладан МДҲ, Африка, Жанубий Америка ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари. Саммитда блокни BRICS+ форматида кенгайтириш масаласини муҳокама қилиш режалаштирилган, бу эса ушбу ташкилотнинг иқтисодий ва сиёсий аҳамиятини оширади.
“Изоляция шароитида Россия ушбу ташкилотни санкцияларни четлаб ўтиш йўли деб ҳисоблайди”, дея тушунтирди “Deutsche Welle” мутахассислари.
Путин BRICS орқали глобал тўлов тизимини яратмоқчи
Эҳтимол, Қозондаги саммитда муҳокама қилинадиган асосий иқтисодий мавзулардан бири BRICS кўпригини яратиш бўлади. Бу Россия Молия вазирлиги томонидан октябрь ойи бошида тақдим этилган ассоциацияга аъзо давлатлар ўртасидаги "тез ва арзон" трансчегаравий тўловлар тизими.
Ушбу ғоя Қўшма Штатлардаги вакиллик банклари орқали трансчегаравий тўловларни амалга оширмасдан, миллий валюталарда ҳисоб-китобларга, шу жумладан блокчейн технологиялари ва марказий банкларнинг рақамли валюталаридан фойдаланишга асосланган.
“Шундай қилиб, Москва Россияни доллардаги трансчегаравий тўловлардан тўхтатган халқаро санкцияларни самаралироқ четлаб ўтишни режалаштирмоқда”, деб ҳисоблайди “The Economist” журнали.
Нашрнинг қайд этишича, тўлов тизимининг истиқболи Ғарб молиявий регуляторларини хавотирга солган, бироқ аввало шундай тизим яратиш керак ва бу унчалик осон эмас. Иштирокчи мамлакатлардан давлат томонидан кенг кўламли инексиялар талаб қилинади ва миллий тартибга солувчилар учун янги тизим томонлардан бири томонидан бошқа томоннинг миллий валютасида захираларни тўплаши сабабли оғир бўлиши мумкин.
“Агар Россия расмийларининг BRICS’да иштирок этиш сабаблари аниқ бўлса, нега бошқа иштирокчиларга потенциал тўлов тизими керак?” деган саволни ўртага ташлайди нашр.
Нима учун BRICS ассоциацияси янги иштирокчилар учун жозибадор?
Россия Олий Иқтисодиёт мактаби профессори Эвгений Коганнинг фикрича, BRICS янги давлатлар билан ўсиб бормоқда, аммо ташкилот Россияни халқаро санкциялардан ҳимоя қилишга деярли тайёр эмас. Унинг эслатишича, BRICS томонидан яратилган Тараққиёт банкининг ўзи 2022 йилда Россияга қарши санкцияларга қўшилган.
“Бундан ташқари, ташкилот янги дунё тартибини шакллантиришга даъво қила олмайди. BRICS давлатларининг умумий аҳолиси тахминан 3,5 миллиард кишини (сайёра аҳолисининг 45 фоизини) ташкил этса ҳам, уларнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 37,3 фоизни ташкил қилади. Янги дунё тартиби ҳақида гапиришга ҳали эрта”, деб ҳисоблайди у.
Шу билан бирга, унинг фикрича, ривожланаётган давлатлар ҳам BRICS, ҳам BRICS кўприги тизимида иштирок этишдан АҚШ билан мафкуравий тафовутлар туфайли эмас, балки иқтисодий сабабларга кўра манфаатдор бўлиши мумкин.
"Ва ҳатто Қўшма Штатларни безовта қилиш усули сифатида эмас, балки ҳақиқатан ҳам тез тўловларни амалга ошириш имконияти сифатида", деб ёзади иқтисодчи.
У америкалик корреспондент банкларнинг талабларини бажариши туфайли доллардаги халқаро тўловларнинг 5-7 фоизи секинлашганини таъкидлайди.
BRICS доирасида кўплаб сиёсий қарама-қаршиликлар мавжуд
Сиёсатшунос ва “Riddle” онлайн портали муҳаррир директори Антон Барбашинга кўра, Москва “янги дунё тартиби” бренди остида BRICS платформасини илгари суришда муваффақият қозонмоқда. У Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери BRICS’ нинг алоҳида аъзолари – Ҳиндистон, Хитой ва БААнинг иқтисодий ва сиёсий роли ортиб бораётганини таъкидлайди.
Сиёсатшуноснинг айтишича, ташкилотда Россия ташаббуслар бўйича сезиларли даражада ажралиб туради, гарчи уларнинг аксарияти амалга оширилмаса ёки “BRICS ўйинлари” кўзга кўринмас спорт даражасида қолса ҳам.
“Ягона валюта лойиҳаси барбод бўлди ва ҳозирча фақат Эрон Россия билан муқобил молиявий архитектурани шакллантириш устида ишлай бошлади (Россиянинг “Мир” тўлов тизими асосида)”, дейди Барбашин.
Экспертнинг фикрича, BRICS “манфаатлар клуби” бўлиб қолмоқда: ҳар бир иштирокчи ўз таъсирини кучайтириш, иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва яхши битимлар тузишга эътибор қаратган.
“Бу ерда Россия Ғарб давлатларининг босими туфайли бошқалар учун арзон энергия манбаларининг асосий донори сифатида ҳаракат қилмоқда”, деб эслатади мутахассис.
Барбашиннинг ишончи комилки, BRICS шиори – “адолатли дунё учун” – фақат шиор бўлиб қолмоқда, чунки ассоциациянинг ҳар бир аъзоси ривожланган Ғарб давлатлари билан алоҳида музокаралар олиб боради ва ташкилот ичида ҳал этилмаган кўплаб қарама-қаршиликлар мавжуд.
"Хитой ва Ҳиндистон 2020 йилда бироз жанг қилди, Эрон вақти-вақти билан БААнинг ҳамкори бўлган Саудия Арабистонига уруш билан таҳдид қилмоқда, агар Хитой ва АҚШ ўртасидаги зиддият кучайса, BRICS давлатлари турли лагерларга тарқалиб кетади", дейди эксперт сиёсий ва иқтисодий бирлашув ҳарбий иттифоққа айлана оладими, деган саволга жавобан.
Унинг хулосасига кўра, BRICS келажаги иккита рақобатлашувчи тортишиш марказига – Ҳиндистон ва Хитойга боғлиқ.
Россия BRICS’да Хитойга қарам бўлиб қолади
Лейпциг университети сиёсатшуноси ва шарқшуноси Алексей Чигадаев 2023 йилда Россия нефтининг 90 фоизини асосий импорт қилувчилар Ҳиндистон ва Хитой бўлди, дея эслатади.
“Россия бюджетини тўлдириш даражаси ушбу савдо ҳамкорлигига боғлиқ. Жанубий Африка ва Бразилия бу ҳолатда камроқ роль ўйнайди”, дейди эксперт.
Унинг қўшимча қилишича, Хитойнинг Россияга таъсири Ҳиндистонникига қараганда, айнан молиявий ўзаро алоқалар туфайли тезроқ ўсиб бормоқда.
“Барча мумкин бўлган вариантлар ичида Хитой валютаси энг ликвид ва камроқ ўзгарувчан бўлиб қолмоқда”, дея қайд этади Чигадаев.
Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати маҳаллий банкларнинг SWIFT аналоги бўлган Россия молиявий хабар алмашиш тизимига (СПФС) уланишини "рағбатлантирмайди". Чигадаевнинг таъкидлашича, Хитой ўзининг CIPS тизимини Россия бозорига фаол равишда илгари сурмоқда. Эксперт вазиятни қуйидагича таърифлайди: айни дамда Россияда 4 та Хитой банки жойлашган бўлиб, улар билвосита иштирокчилар – 23 та Россия банки операцияларини амалга оширади.
“Россия халқаро молия тизимига киришни сақлаб қолиш учун юань ва Пекинга кўпроқ қарам бўлиб қолади”, дейди Чигадаев.
Унинг фикрича, Москва Хитойга тобора кучайиб бораётган қарамлигини камайтириш учун BRICS’нинг умумий валютасини яратиш ғоясини илгари сурмоқда.