Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Киевга ташрифини қолдирди

Олам

image

АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогг Киевга олдиндан режалаштирилган фактларни аниқлаш сафарини кейинроққа қолдирди. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни “Reuters” Трамп атрофидаги тўртта манбага таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, Келлоггнинг нафақат Киевга, балки Рим ва Парижга ҳам ташрифи сайланган президентнинг инаугурациясидан кейинга қолдирилди. Агентлик манбалари Европага сафарнинг кейинга қолдирилгани сабабларини айтмади.

“Келлогг ҳам, Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси вакили ҳам изоҳ бериш сўровларига жавоб бермади”, дейилган агентлик хабарида.

Келлоггнинг ташрифи январь ойининг бошига режалаштирилган эди

Кит Келлогг январь ойи бошида Европанинг бир қанча пойтахтларига, жумладан, Киевга ташриф буюришни режалаштирган эди. Бироқ манбалар Москвага ташриф ҳали Келлоггнинг режаларига киритилмаганини айтди. Шунингдек, Келлоггнинг Европа бўйлаб саёҳат режаси ҳозирча тайёрланиш босқичида экани ва унинг асосий жиҳатлари ўзгариши мумкинлиги маълум қилинди.

Киевда Келлогг Украина раҳбарияти билан учрашмоқчи эди. Бундан ташқари, унинг жамоаси Париж ва Римда юқори мартабали сиёсатчилар билан учрашувлар тайёрлашда иштирок этган. Мақсад Украинадаги урушни тугатиш бўйича унчалик фаол музокаралар эмас, балки АҚШнинг янги маъмурияти учун маълумот тўплашдир.

АҚШнинг янги президентининг инаугурацияси 2025 йил 20 январга белгиланган. Агентлик суҳбатдошлари таъкидлаганидек, Келлоггнинг бундан олдин Европага бориш нияти Трампнинг Украинадаги урушни ҳал қилишга катта аҳамият бераётганидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ўзининг махсус вакили лавозимига номзодни маълум қилди. Бу истеъфодаги генерал-лейтенант Кит Келлог эди. 80 ёшли Келлог номзоди ҳали ҳам АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши керак, бироқ республикачилар Конгресснинг юқори палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритганини ҳисобга олсак, Трампнинг йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак. Келлог Трампнинг президентликка биринчи сайланганидан кейин ҳам АҚШнинг ўтиш даври маъмуриятида эди. Ўшанда у мудофаа сиёсати масалалари билан шуғулланган, кейинроқ, 2017 йилнинг январидан 2018 йилнинг апрелигача АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг ижрочи котиби, кейин эса вице-президент Майк Пенснинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дональд Трамп Украина Киев махсус вакил Кит Келлогг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг