Индонезия BRICS'га қўшилди
Олам
−
07 Январь
2566Индонезия BRICS'га тўлақонли аъзо сифатида қўшилди. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни ассоциация раислигини 1 январдан ўз зиммасига олган Бразилия ҳукумати маълум қилди.
Аъзо давлатлар 2023 йилда Йоханнесбург саммитида дастлаб яшил чироқ ёқилган кенгайиш доирасидаги консенсус асосида дунёнинг аҳолиси бўйича тўртинчи давлати бўлган Индонезиянинг киришини маъқуллади.
Индонезиянинг аризаси 2023 йилда маъқулланган, бироқ мамлакат президентлик сайловларидан сўнг аъзолик жараёнини якунлашини айтган. Прабово Субианто давлат раҳбари лавозимини 2024 йил октябрь ойида бошлаган.
“Индонезия гуруҳнинг бошқа аъзолари билан биргаликда глобал бошқарув институтларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва Глобал жанубдаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга ижобий ҳисса қўшади”, дея қўшимча қилди Бразилия Вазирлар Маҳкамаси.
Бразилия ўз раислиги остида "кўпроқ қамраб олувчи ва барқарор бошқарув" йўлида ишламоқда. Унда асосий эътибор бешта устувор йўналишга қаратилди: самарали тўлов тизимларини ривожлантириш орқали савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш; сунъий интеллектни тартибга солиш; иқлим ўзгаришига қарши кураш ва БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 30-конференциясига тайёргарлик кўриш; соғлиқни сақлаш ва институционал ривожланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан BRICS'нинг ички тузилмаларини мустаҳкамлаш.
BRICS – дастлаб Россия Федерацияси, Бразилия, Ҳиндистон ва Хитойни ўз ичига олган норасмий давлатлар гуруҳи. 2010 йилда уларга Жанубий Африка қўшилди. 2024 йил сентябрида НАТО аъзоси Туркия BRICS'га аъзо бўлиш учун ариза бергани маълум бўлди. Вьетнам ҳам иттифоққа қўшилиши мумкин. BRICS гуруҳи яқинда ўз аъзолари қаторига Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Эфиопия ва Эронни ҳам қўшиб олди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Ўзбекистон 2025 йил 1 январдан расман BRICS’нинг ҳамкор давлати бўлишини айтганди.
LiveБарчаси