Россия бошлади: Киев яна ракета ва дронлар остида қолди (видео)

Олам

image

Россиянинг бугун, 8 сентябрь куни Киевга уюштиран йирик ракета ва дрон ҳужуми оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони эса 10 нафарга етди. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

“Россиянинг йирик ҳужумидан сўнг Киевда 2 кишининг жасади топилди. Жароҳатланганлар сони 10 нафарга етди“, дейилади вазирлик хабарида.

Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, жароҳатланганларнинг беш нафари шифохонага ётқизилган. Уларнинг икки нафари оғир аҳволда.

Қутқарувчилар ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда. Голосиeвский ва Подильский туманларидаги бир нечта ҳудудда нотурар биноларда юзага келган ёнғинлар ўчирилмоқда. Днепровский туманида қуруқ ўтлар ёниши оқибатида келиб чиққан ёнғин ҳам назоратга олинган.

Голосиeвский туманида ҳужум оқибатида дрон қолдиқлари бир нечта ҳудудга тушган. Омборхоналар ва хусусий мактаб ҳудудида ёнғин чиққан. Шунингдек, дрон қолдиқлари тураржой биносига тушиб, айрим одамлар хонадонларида қолиб кетган. Қурилиши тугалланмаган 26 қаватли бино ҳам зарар кўрган.

Дарницкий туманида тушган дрон қолдиқлари омборхоналарга зарар етказиб, ёнғин чиқишига сабаб бўлган. Хусусий уй яқинидаги гараж ҳам ёниб кетган, бир автомобиль зарар кўрган.

Подильский туманида нотурар бинолар жойлашган ҳудудларнинг бир нечта қисмига дрон қолдиқлари тушган. Омборхоналарда ёнғин чиққан. Соломян туманида эса дрон қолдиқлари тушиши оқибатида битта нотурар ва иккита турар жой биносида ёнғин юзага келган.

Ҳодиса жойларида фавқулодда хизматлар ва коммунал ходимлар ишламоқда. Улар ёнғинларни ўчириш, дрон қолдиқларини тозалаш ва ҳужум оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда.

Кличко қурбонлар сони ва етказилган зарар ҳақидаги маълумотлар ҳали янгиланаётганини билдирган.

Кейинроқ у Киевнинг Шевченковский туманида ҳам тушган дрон қолдиқлари оқибатида омборхонада ёнғин чиққанини маълум қилган. Подильский туманида эса бино зарар кўрган, бироқ ёнғин қайд этилмаган. Фавқулодда хизматлар зарар кўрган ҳудудларга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия дрони Украина Хавфсизлик хизматининг (УХХ) Киевдаги қароргоҳига зарба берган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг