Россия Асадни Суриядан қочишга мажбур қилди – “Bloomberg”
Олам
−
11 Декабрь
5709Россия ҳукумати қуролли гуруҳлар Сурияга ҳужум бошлаганидан сўнг собиқ президент Башар Асадни мағлуб бўлишига ишонтирди ва агар у дарҳол мамлакатни тарк этса, унга ва оиласига хавфсиз эвакуация қилиш имкониятини таклиф қилди. Бу ҳақда бугун, 11 декабрь куни уч манбасига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
“Шу тариқа Асадга 2011 йилда исёнчилар томонидан ваҳшийларча ўлдирилган Ливиянинг ағдарилган раҳбари Муаммар Қаддафийнинг тақдиридан қочиш таклиф қилинди”, деб ёзади “Bloomberg”.
Агентликка кўра, Асад Суриядан қочишга рози бўлгач, уни эвакуация қилиш Россия разведкаси ходимлари томонидан ташкил этилган. 8 декабрга ўтар кечаси улар исёнчилар Дамашққа кириб, қарийб 14 йил давом этган можарода ғалаба қозонганини эълон қилишларидан бир неча соат олдин, Суриядаги Россия авиабазаси орқали ағдарилган президентни яширинча олиб ўтишган.
“Асадни олиб кетаётган самолётнинг транспондери кузатилмаслиги учун ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ўчирилган”, деди агентлик суҳбатдошларидан бири.
“Bloomberg” манбаларининг хабар беришича, Россия Президенти Владимир Путин энди ўз разведка хизматларидан Асадга нисбатан ортиб бораётган таҳдид нима учун ўз вақтида сезилмагани ҳақида тушунтириш талаб қилмоқда.
“Шу билан бирга, Путин ҳалигача Сурия режими қулаганини ошкора тан олмаяпти, Россия оммавий ахборот воситалари эса унинг мағлубиятида Асаднинг ўзи айбдор ва содиқ Москва ўз иттифоқчисини тарк этмагани ҳақидаги версияни тарғиб қилмоқда”, деб ёзади агентлик.
Унинг сўзларига кўра, дастлаб Суриядаги рус бўлинмалари Асадга қарши коалициянинг қуролли бўлинмаларига ҳужум қилиб, уларни орқага суришга ва Асадга содиқ ҳарбийларни кучайтиришга ҳаракат қилган.
“Аммо Сурия ҳукумат кучлари исёнчилар Ҳалаб ва Ҳамани эгаллаб, стратегик аҳамиятга эга бўлган Хомс шаҳри томон олдинга силжий бошлагани учун озгина қаршилик кўрсатди. Шунинг учун Россия Асад режимини ҳимоя қила олмайди, деган хулосага келди”, деди манбалардан бири.
LiveБарчаси