Россия АҚШнинг “провокация”ларига нисбатан муносиб жавоб қайтаришга ваъда берди
Олам
−
16 Март 2023
9232Россия томони АҚШнинг MQ-9 разведкачи дронининг Қора денгиз устида учирилишини Қўшма Штатларнинг Қрим ярим оролида разведка ҳаракатларини кучайтириш деб ҳисоблашини маълум қилиб, ушбу “провокацион” ҳаракатга нисбатан муносиб жавоб қайтаришга ваъда берди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигининг баёнотида келтирилган.
Қайд этилишича, Россия Мудофаа вазирлиги АҚШнинг учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида Украина чегаралари яқинида жосуслик ҳаракатларини амалга ошириши эскалацияга олиб келиши мумкинлигини маълум қилган. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан телефон суҳбатидан сўнг бу ҳақда айтиб ўтган. Шойгу Россия АҚШнинг разведка самолёти атайин уриб туширилгани ҳақидаги иддаоларини рад этган.
“Американинг стратегик жиҳатдан ҳалокатли бўлган дронларининг Қрим қирғоқлари бўйлаб парвозлари провокацион характерга эга экани ва ушбу ҳаракат Қора денгиз зонасида вазиятнинг кескинлашиши учун дастлабки шарт-шароитлар яратгани қайд этилди. Россия воқеаларнинг бундай ривожланишидан манфаатдор эмас, лекин у барча провокацияларга нисбатан муносиб жавоб қайтаришда давом этади”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, бу Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери АҚШ билан содир бўлган биринчи ҳарбий зиддият ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 март куни АҚШнинг MQ-9 разведкачи дрони Россиянинг Су-27 қирувчи самолётлари томонидан Қора денгизнинг халқаро сув ҳудудига уриб туширилган эди. Кейинроқ ушбу жараён акс этган видео эълон қилинганди. Шунингдек, дрон қулаши ортидан икки мамлакат мудофаа вазирлари телефон мулоқотини амалга оширган эди.
LiveБарчаси