Россия Абхазияда ҳарбий-денгиз базаси қуряпти – Зурабишвили
Олам
−
07 Август
5681Россия Абхазияда ҳарбий-денгиз кучлари учун янги доимий база яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Грузия Президенти Саломе Зурабишвили Тбилисида маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда сўз очди.
Унинг айтишича, Россия ушбу портни ривожлантириш бўйича дастлабки ишларни бошлаб юборган.
“Очамчирада дастлабки ишлар олиб борилмоқда. Бу жиддий масала, чунки бу нафақат биз учун, балки бутун Қора денгизнинг хавфсизлиги учун ҳам муаммодир”, дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, Зурабишвили Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе ва бутун ҳукуматни Россия томонидан босиб олинган Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларига нисбатан самарали сиёсат юритмаётганликда айблади. Президент бу икки вилоят аҳолисига Грузия фуқаролиги берилиши керак, деб ҳисоблайди ва бу ҳудудларда яшовчи одамларда Грузия ва унинг имкониятларига қизиқиш кучайганини илгари суради.
Бундан ташқари, Президент мухбирнинг Франциянинг Арманистонга кейинги қурол етказиб беришлари Жанубий Кавказда, жумладан, Грузияда мустаҳкам тинчликка эришиш жараёнига, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланишига қандай таъсир этиши ҳақидаги саволига жавоб берар экан, бу масалани тўғридан-тўғри баҳолашни истамаслигини айтди.
“Бошқа давлат сиёсати ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман”, деб қўшимча қилди Зурабишвили.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можаро ҳали тугамаган:
“Биз Грузия учун бу можарога барҳам бериш муҳимлигини жуда яхши биламиз. Грузия икки давлат ўртасида ташкил этиладиган музокараларга катта ҳисса қўшиши мумкин”.
Зурабишвили, шунингдек, Грузия ҳукумати томонидан киритилган “хорижий таъсирнинг шаффофлиги” тўғрисидаги қонун тасдиқланиши ортидан ўз мамлакатининг АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатларидаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Қонунни танқид қилар экан, у 26 октябрда бўлиб ўтадиган умумий сайловда амалдаги ҳукумат ғалаба қозонмаслиги ва янги ҳукумат Ғарб билан муносабатларини қайта йўлга қўйиши кераклигини айтди.
“Агар мухолифат сайловларда ғалаба қозонса, технократик ҳукумат тузилади, демократия ва Европа Иттифоқига интеграцияни ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар қўйилади”, дейди Президент.
Зурабишвили АҚШ маъмуриятининг ўз мамлакатида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “ташқи таъсир қонуни” туфайли Грузияга 95 миллион долларлик ёрдамни тўхтатиш, АҚШ-Грузия қўшма ҳарбий машғулотларига барҳам бериш ва Грузиянинг ЕИга аъзо бўлиш учун ҳаракатларини тугатиш ҳақидаги қарорларини изоҳлар экан, бу қарорларнинг умуман ҳайратланарли эмаслигини таъкидлади.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси