Россия 4 минг эронпараст жангчини Суриядан Теҳронга олиб ўтди – Путин

Олам

image

Сурияда Асад режими ағдарилганидан сўнг Россия Федерацияси Хмеймим ҳарбий базасидан Эрон тарафдори бўлган тўрт минг жангчини Теҳронга етказди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 19 декабрь куни матбуот анжумани чоғида айтиб ўтди.

Путин Суриядаги вазият ва Россия Федерациясининг бу давлатдаги позициясига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, баъзилар “Сурияда содир бўлаётган ҳамма нарсани қандайдир муваффақиятсизлик, Россиянинг мағлубияти сифатида кўрсатишни хоҳлайдилар”.

“Сизни ишонтириб айтаманки, бу ундай эмас. Ва сабабини сизга айтаман. Ахир биз Сурияга 10 йил аввал бошқа мамлакатларда, айтайлик, Афғонистонда кузатганимиздек, у ерда террористик анклав яратилмаслиги учун келганмиз. Умуман олганда, мақсадимизга эришдик”, деди Президент.

Путин Россия Федерациясининг Сурияда қуруқликдаги қўшинлари йўқлигини эслатди. 

“У ерда иккита базамиз бор: ҳаво кучлари ва денгиз. Қуруқлик таркиби Суриянинг қуролли кучларидан иборат бўлиб, баъзилари, барчамизга маълумки, бу ерда ҳеч қандай сир йўқ, эронпараст ҳарбий тузилмалар. Ҳатто бир пайтлар у ердан махсус операциялар кучларини ҳам олиб чиқиб кетганмиз. Биз у ерда шунчаки жанг қилганимиз йўқ”, деди у.

Россия Президенти Ҳалаб вилоятининг мухолифат назоратига ўтиши ҳақида гапирар экан, бу ҳудуд 350 жангчи томонидан қўлга киритилгани, Асад режимининг 30 мингга яқин Сурия аскари ва эронпараст бўлинмалари эса “жанжалсиз чекинганини айтди.

“Қуролли мухолифат гуруҳлари Ҳалабга яқинлашганда, Ҳалабни тахминан 30 минг киши ҳимоя қилди, 350 нафар жангчи шаҳарга кирди. Ҳукумат қўшинлари ва улар билан бирга эронпараст бўлинмалар жангсиз орқага чекинди, ўз позицияларини портлатиб юборди ва у ерни тарк этди”, деди у.

Шу билан бирга, Путиннинг қўшимча қилишича, бундай ҳолат бутун Сурияда кузатилган, “айрим тўқнашувлар бўлган кичик истиснолар бундан мустасно”.

“Агар илгари, масалан, ўша эронлик дўстларимиз биздан ўз бўлинмаларини Сурия ҳудудига кўчиришда ёрдам беришимизни сўраган бўлса, энди улар биздан уларни у ердан олиб чиқишимизни сўрашди. Хмеймим базасидан 4 минг эронлик жангчини Теҳронга олиб кетдик. Эронпараст деб аталган бўлинмаларнинг бир қисми жангсиз Ливанга, баъзилари Ироққа кетди”, деди Россия Федерацияси Президенти.

Бундан ташқари, Путин Суриядаги осон бўлмаган вазиятга, шунингдек, бу мамлакатда Россия ҳарбий базаларини сақлаб қолиш мавзусига эътибор қаратди.

“У ерга тинчлик ва осойишталик келишига чин дилдан умид қиламиз. Биз у ердаги вазиятни назорат қилаётган барча гуруҳлар, минтақадаги барча давлатлар билан алоқаларни давом эттирамиз. Уларнинг аксарияти Сурияда ҳарбий базаларимиз қолишидан манфаатдор эканликларини айтишади. Билмадим, бу ҳақда ўйлашимиз керак, чунки бу мамлакатдаги вазиятни ҳозир назорат қилаётган ва келажакда назорат қиладиган сиёсий кучлар билан муносабатларимиз қандай ривожланишини ўзимиз ҳал қилишимиз керак – манфаатларимиз мос келиши керак. Агар биз у ерда қолсак, демак, ўзимиз турган давлат манфаати учун нимадир қилишимиз керак. Қандай манфаатлар бўлади? Биз улар учун нима қила оламиз? Бу ҳар икки томоннинг машаққатли изланишларини кутаётган савол”, дейди Россия Федерацияси Президенти.

Россия етакчиси Суриядаги ҳарбий базалардан фойдаланишни ҳам таклиф қилди.

“Ҳозирданоқ биз бирор нарса қила оламиз, жумладан, ушбу базалардан фойдаланиш, ва биз буни аллақачон ҳамкорларимизга, жумладан, Сурия ва қўшни мамлакатларда жойлашганларга таклиф қилган эдик, биз, айтайлик, Хмеймим ҳаво базасидан Сурияга гуманитар ёрдамни етказиб бериш учун фойдаланишни таклиф қилдик. Худди шу нарса Тартусдаги денгиз базасига ҳам тегишли”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, Путин Башар Асад ва оиласига Россиядан бошпана берганидан кейин ҳалигача у билан учрашмаганини, лекин буни режалаштираётганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия Эрон Владимир Путин Башар Асад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг