Россия ҳудудидаги портлашда Украинанинг қўли борми? Зеленский изоҳ берди
Олам
−
02 Апрель 2022
23514Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг Белгород шаҳридаги ўқ-дорилар омбори ва нефть омборидаги портлашларга изоҳ берди. Бу ҳақда “Fox News” журналисти билан суҳбатда айтиб ўтган.
Суҳбат давомида Зеленскийга Россия билан чегарадош шаҳарчадаги портлашларни Украина кучлари амалга оширганми, деган савол берилган. Украина раҳбари шундай жавоб берди:
“Кечирасиз, мен Бош қўмондон сифатида ўз буйруқларимнинг ҳеч бирини муҳокама қилмайман. Мен фақат Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари билан ва улар мен билан гаплашганда ўртоқлашадиган фикрларим бор”.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, бутун дунё Украина урушишга қодир давлат эканини билиши керак.
“Бизга ҳужум қилишди. Муҳими шу. Бу энг катта фожиа. Бугун эса Украинада уруш кетаётган бир пайтда қаердадир портлаш бўлаётгани ҳақида хабарларни тинглаш, очиғи, бу ҳақда гапириш нопрофессионаллик. Улар (руслар – таҳр.) бизнинг ҳудудимизни босиб олишди. Улар бизга ҳужум қилишди. Бу уруш 8 йилдан бери давом этмоқда, шунинг учун у ёки бу вазиятда нима бўлишидан қатъи назар, мен учун изоҳ бериш қийин”, дея қўшимча қилди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 апрель куни тонгда мамлакатнинг Белгород шаҳрида “Роснефть”га тегишли нефть базасида ёнғин чиққанди. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков нефть базасига Россия ҳудудига паст баландликда учиб кирган Украина Қуролли Кучларининг иккита вертолёти зарба берганини иддао қилган.
Украина Мудофаа вазирлиги Россия расмийлари томонидан эълон қилинган Украина Қуролли кучлари Белгороддаги нефть омборига зарба бергани ҳақидаги маълумотни рад этди.
LiveБарчаси