Россия Украинага яна ракета ҳужумларини уюштирди. Қурбонлар бор

Олам

image

Жорий йилнинг 16-апрелга ўтар кечаси Россия ҳарбий кучлари Киевга йирик ракета ҳужумини уюштирди. Оқибатда 15 киши ҳалок бўлди ва 90 дан ортиқ киши яраланди. Бу ҳақда “Тhе Мосcоw Times” хабар берди. 

Маълум қилинишича, турар-жой бинолари вайрон бўлган ва Украина пойтахтининг тўртта туманида кўплаб ёнғинлар содир бўлган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, тўрт киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган ва яна 48 киши жароҳат олган. Киев мэри Виталий Кличко жароҳатланганларнинг 26 нафари шифохонага ётқизилганини, қолганларга эса, воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилганини таъкидлаган. Подольск туманидаги бино вайроналари остида 12 ёшли боланинг жасади топилган. Кличконинг аниқлик киритишича, у ерда яна икки қурбоннинг жасади ҳам аниқланган.

Шунингдек, Одесса ҳам кучли ракета ва дрон ҳужумларига учраган. Ҳарбий маъмурият раҳбари Сергей Лысакнинг сўзларига кўра, 8 киши ҳалок бўлган ва 16 киши жароҳатланган. Ҳужум Хожибей туманидаги инфратузилма ва турар-жой биносига зарар етказган. Портлаш тўлқини бир нечта биноларда 300 дан ортиқ деразаларни синдириб юборган. 

Хабарга кўра, Днепр ҳам зарбага учраган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари бир вақтнинг ўзида шаҳарга дронлар, ракеталар ва артиллерия билан ҳужум қилишган. Уч киши ҳалок бўлган ва 34 киши жароҳатланган. Отишма пайтида турар-жой бинолари, офис ва маъмурий бинолар, бизнес ва транспорт воситалари зарар кўрган. 

Айтилишича, Россия қўшинлари Харьковга ҳам ҳужум қилган. Харьков мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, дрон ҳужумлари натижасида икки киши жароҳат олган. Бир нечта хусусий уйлар шикастланган, кўп қаватли турар-жой биноси яқинида машиналар ёниб кетган ва газ қувури узилган. 

Маълумот учун, Украина шаҳарларига қилинган бу ҳужум қиш охиридан бери амалга оширилган энг катта ҳужумлардан бири ҳисобланади. Ўшанда Россия ҳарбий кучлари мамлакатнинг энергетика инфратузилмасига мунтазам равишда ҳужумлар уюштирган эди. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия кучлари Украинага 44 та ракета ва 659 та турли хил дронларни учирган. Ҳаводан мудофаа воситалари 31 та ракета ва 636 та дронни уриб туширган. "26 та жойда 12 та ракета ва 20 та ҳужумчи учувчисиз учиш аппаратларининг зарбалари, шунингдек, 25 та жойда вайроналарнинг урилиши қайд этилган", деб хабар берган Украина ҳарбий-ҳаво кучлари. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 апрелга ўтар кечаси Украина Россиянинг муҳим нефть конларига зарба берган эди.

Шаҳзода Шукуруллаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг