Роналдунинг келажаги маълум бўлди
Спорт
−
26 Июнь 2025 14663 1 дақиқа
Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клубида камида яна бир йил қолади. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди.
Унинг билдиришича, томонлар кейинги йилнинг июнигача амал қилувчи 1+1, яъни шартномани 1 йилга узайтириш имконияти билан унга имзо чекиш арафасида. Бу борадаги музокаралар деярли якунланган ва расмий ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Маълумот учун, 40 ёшли Роналду 2023 йилдан буён “Ал-Наср” шарафини ҳимоя қилмоқда, бироқ у билан клуб ҳозирча бирор муҳим совринни қўлга киритмаган. Ўтган мавсумда у 41 ўйинда майдонга тушиб, 35 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ футболчининг ўзи ҳам келажакда қаерда ўйнаши борасидаги саволларга жавоб бериб, риёдликлар клубида қолишни режалаштираётганини ва жамоа билан янги шартнома имзолашга тайёр эканини айтганди.