Роналду Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди (фото)
Спорт
−
21 Июнь 2023
18627Португалиялик футболчи Криштиану Роналду терма жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
У кеча, 20 июнь куни Евро-2024 саралаши, "J" гуруҳининг 3-тур баҳсларида Португалия сафида Исландияга қарши майдонга тушди ва 90-дақиқада жамоаси учун ғалаба голини киритди.
Роналду бу билан терма жамоа сафида энг кўп, 200 та ўйин ўтказган биринчи футболчига айланди. 38 ёшли футболчи бунга қадар 200 та ўйиннинг атиги 15 тасида захирадан майдонга тушган, 60 тасида эса алмаштирилган.
Криштиану 19 йил ва 10 ой давом этган жамоадаги иштирокида 200 та ўйинда майдонга тушиб, 123 та гол ва 43 та голли узатмани амалга оширган.
Саудия арабистонининг “Ал-Наср” клубида тўп сураётган футболчи терма жамоаси билан Исландия устидан ғалабага эришгач, стадионда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани ҳақида расман эълон қилинди.
“Бошқалар менинг борлигим ва етакчилигимни ёқтирар экан, мен ҳеч қачон терма жамоадан воз кечмайман. Бу узоқ ва мазмунли сафар бўлди, лекин умид қиламанки, бу тез орада тугамайди”, дейди Роналду.