Роллар алмашди: энди Россия Украина кемаларига зарба бермоқда
Олам
−
11:45 5162 1 дақиқа
Бугун, 28 июль куни Россия Қуролли кучлари Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмида Украинага ҳарбий юк олиб кетаётган кема ҳамда Николаев портидаги яна бир кемага зарба берди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, зарбалар тонгда учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида амалга оширилган. Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмида Украина Қуролли кучлари эҳтиёжлари учун ҳарбий юк ташиётган балкер туридаги кема нишонга олинган.
Шунингдек, Россия ҳарбийлари Николаев портида турган килектор кемаси ҳам зарба остида қолганини билдирган.
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, ҳужумлар Украина портлари ва Украина Қуролли кучлари манфаатлари йўлида фойдаланилаётган денгиз объектларига қарши давом эттирилмоқда.
“Бугун эрталаб Россия Федерацияси Қуролли кучлари Украина портлари ва Украина Қуролли кучлари манфаатлари йўлида фойдаланилаётган денгиз кемаларига зарбаларни давом эттирди. Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмида ҳарбий юкларни ташиётган балкер туридаги кема, Николаев портида эса килектор кемаси зарба остида қолди”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Ҳозирча зарбалар оқибатлари, қурбонлар ёки кемаларга етган зарар ҳақида маълумот берилмаган. Украина томони эса Россия баёнотига муносабат билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳарбийлари Қора денгизда Украинанинг Одесса соҳиллари яқинида халқаро юк кемасига зарба бериши оқибатида камида 5 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси