Россия Қора денгиздаги юк кемасига зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
20 июл 5567 2 дақиқа
Россия ҳарбийлари Қора денгизда Украинанинг Одесса соҳиллари яқинида халқаро юк кемасига зарба бериши оқибатида камида 5 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина расмийлари маълум қилди.
Украина Бош вазири Сергий Корецкийнинг айтишича, Гвинея-Бисау байроғи остида қатновчи кема портдан маккажўхори юки билан чиқиб кетган бўлган. Кема экипажи таркибида Ҳиндистон ва Суриянинг 17 нафар фуқароси, шунингдек, бир нафар Украина фуқароси бўлган. Унинг сўзларига кўра, саккиз нафар экипаж аъзоси қутқариб қолинган. Кемада ёнғин узоқ вақт давом этган бўлиб, яна беш киши бедарак йўқолган.
Москва ҳозирча ушбу ҳужум юзасидан расмий изоҳ бермаган. Россия сўнгги ҳафталарда Украина жанубидаги чуқур сувли портларга ҳужумларни кучайтирди. Бу портлар мамлакатнинг дон маҳсулотлари ва бошқа муҳим юклар экспортида асосий аҳамиятга эга.
“Фуқаролик кемаси. Халқаро экипаж. Жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилувчи йўналиш. Путин яна бир нишонни кўрди. Бу ҳужум ҳеч қандай хаёлга ўрин қолдирмайди. Путин Россияси кимни ўлдиришига аҳамият бермайди”, деб ёзган Украина Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрей Сибига Х ижтимоий тармоғида Россия президенти Владимир Путинга ишора қилиб.
Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни ҳам Россия Одесса порт инфратузилмасига ҳужум қилиб, Антигуа ва Барбуда байроғи остидаги кемага зарба бергани оқибатида бир киши ҳалок бўлган эди. Ундан бир кун аввал эса Россиянинг Одесса ва Николаев шаҳарларига берган зарбалари натижасида 3 киши ҳалок бўлган.
Live
Барчаси