Россия Одессага зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
14:31 1327 2 дақиқа
Россия кеча, 17 июль куни Украинанинг Қора денгиз бўйидаги икки порт шаҳрига ҳужум уюштирди. Оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина расмийлари хабар берди.
Қайд этилишича, Миколайив шаҳри порт инфратузилмасига дронлар орқали қилинган ҳужум оқибатида хориж байроғи остида қатновчи учта фуқаролик кемасига зарар етган. Дастлабки ҳужумлардан бирида чет эл кемаси бортида бўлган икки нафар украиналик ҳалок бўлган.
Украинанинг энг йирик денгиз порти жойлашган Одесса шаҳридаги яна бир ҳужум оқибатида эса бир киши ҳалок бўлган. Одесса вилояти губернатори Олег Кипернинг маълум қилишича, кейинроқ Россия ҳужуми Маршалл ороллари байроғи остида юрувчи кемага ҳам зарба берган. Ҳодиса оқибатида кема шикастланган, ёнғин чиққан ва экипажнинг 17 аъзосидан тўрт нафари жароҳат олган. Барча экипаж аъзолари эвакуация қилинган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ўз кучлари Одесса ва Черноморск портларидаги Украина объектларига зарба берганини маълум қилган.
Украина денгиз портлари маъмуриятининг билдиришича, Россия июль ойи давомида Украина портлари ва фуқаролик кемаларига бир неча марта ҳужум қилиб, 11 кишининг, жумладан, порт ходимлари ва хорижлик денгизчиларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.
Трейдерлар ва таҳлилчиларга кўра, сўнгги ҳужумлар дон экспортига жиддий таъсир кўрсатган. Дон юкламалари қисман тўхтаган, порт терминалларида эса дон харидлари деярли бутунлай тўхтаб қолган. 16 июль куни кечқурун Одессада тураржой биносига берилган ракета зарбаси оқибатида ҳам икки киши ҳалок бўлиб, бир неча киши жароҳатланган.
“Бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаганди. Ҳаво ҳужуми хавфи ҳақидаги огоҳлантиришлар жуда кўп. Деярли бири тугаши билан яна бири бошланяпти”, деган Одесса шаҳрида яшовчи Виктория исмли аёл.
Шу билан бирга, Украина ҳам Россиянинг ҳарбий логистикасига қарши зарбаларни давом эттирмоқда. Украина Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровдининг айтишича, кеча, 17 июль куни Қора денгизда яна 12 та Россия кемасига зарба берилган. Унинг маълум қилишича, июль ойи давомида Азов ва Қора денгизларда зарба берилган Россия кемалари сони 159 тага етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларидаги логистика марказларига ҳужум қилиши оқибатда камида 7 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган эди.
Live
Барчаси