Роғун ГЭСи қурилишида яна уч ишчи ҳалок бўлди
Олам
−
12:40
4303Тожикистоннинг Роғун гидроэлектр станциясида (ГЭС) юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, бир киши жароҳатланди. Бу ҳақда ҳукумати ҳузуридаги Саноат ва тоғ-кон саноатида меҳнат хавфсизлиги устидан давлат назорати хизматига таяниб, “Asia-Plus” хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 12 ноябрь куни содир бўлган. Бошқарма маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси Роғун ГЭСда ишлаган “Хокруд” компанияси ходимларидир. Ҳалок бўлганларнинг ёши 39, 40 ва 51 ёшда бўлган. Ҳодиса сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Департаментнинг хабар беришича, воқеа содир бўлганидан сўнг дарҳол уни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Айни пайтда авария билан боғлиқ барча ҳолатлар ўрганилмоқда. Хавфсизлик хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фожианинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш ишларини давом эттирмоқда.
“Биз ҳодиса юзасидан расмий хат олдик, шундан сўнг ишчи гуруҳ ташкил этилди. Улар ҳозирда вазиятни ўрганмоқда, воқеа тафсилотлари тергов якунланганидан кейин эълон қилинади”, дейилади департамент хабарида.
Маълумот учун, Роғун ГЭСи қурилиши нафақат республиканинг ўзида, балки бутун минтақадаги энг йирик лойиҳадир. ГЭС Душанбедан 110 км узоқликда Вахш дарёсида жойлашган. Уни қуриш 1976 йилда бошланган, аммо СССР парчаланганидан сўнг қурилиш тўхтатиб қўйилганди.
Кейинчалик Тожикистон ўз маблағлари ҳисобидан ва халқаро жамғармалар ҳамда ташкилотларнинг маблағларини жалб қилган ҳолда, лойиҳада кўзда тутилган 600 МВт қувватга эга ГЭСларни қуриш бўйича ишларни давом эттирди.
6 та агрегатдан ҳозирча иккитаси ишга туширилди. Учинчиси 2025 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. 335 метр баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тўғон бўлади.
Бироқ уни қуриш ишларида жуда кўплаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлган ва оқибатда ГЭС қурилиши ишчиларнинг ўлимига олиб келган. 2020 йилда Роғун ГЭСи қурилишида 15 та авария қайд этилган, бунинг оқибатида 3 нафар ишчи ҳалок бўлган, 15 нафари турли тан жароҳатлари олган. Умуман олганда, 2020 йилда Давлат назорати хизмати назорати остидаги корхона ва объектларда 31 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, оқибатда 8 киши ҳалок бўлган, 33 киши тан жароҳати олган.
2019 йилда 33 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган, оқибатда 20 киши ҳалок бўлган ва яна 25 киши жароҳат олган.
LiveБарчаси