Роберто Карлос ислом динини қабул қилди
Спорт
−
11:56 5870 2 дақиқа
Афсонавий бразилиялик футболчи Роберто Карлос ислом динини қабул қилди. Бу ҳақда Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партияси аъзоси Али Шоҳин Бразилия мусулмон жамоасининг вакиллари билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
Шоҳиннинг сўзларига кўра, Роберто Карлос ҳақидаги маълумотни унга Шайх Жиҳод Ҳаммадеҳ етказган. “Реал Мадрид” ва Бразилия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси у билан бир муддат алоқада бўлиб турган ва тахминан тўрт ҳафта олдин шахсан учрашган.
Айтилишича, айнан шу учрашувда Роберто Карлос шаҳодат калимасини айтиб, ислом динини қабул қилган.
“Шайх Жиҳод Ҳаммадеҳ Роберто Карлос у билан узоқ вақтдан бери алоқада бўлиб келганини ва тўрт ҳафта олдин унинг олдига келиб, шаҳодат калимасини айтиб, Исломни қабул қилганини айтди. Мен Роберто Карлосни табриклайман ва унга ҳамда унинг оиласига тинчлик, соғлик ва фаровонлик тилайман”, деб ёзган Али Шоҳин.
Бироқ Роберто Карлоснинг ўзи ҳозирча ислом динини қабул қилгани ҳақида расмий баёнот бермаган. Шу сабабли ушбу маълумот ҳозирча унинг ўзи томонидан тасдиқланмаган.
Маълумот учун, Роберто Карлос футбол тарихидаги энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилади. У Европадаги фаолиятининг катта қисмини “Реал Мадрид” сафида ўтказиб, клуб билан тўрт марта Испания чемпиони ва уч марта Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган. Шунингдек, Бразилия терма жамоаси билан 2002 йилги Жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган.
Бразилиялик футболчи 2007-2009 йилларда Туркиянинг “Фенербахче” клуби сафида ҳам тўп тепган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 53 ёшли Роберто Карлос марокашлик Суҳайла Эттаҳирига уйланганди. У футбол соҳасида фаолият юритади ва FIFA лицензиясига эга футбол агенти ҳисобланади.
Live
Барчаси