Римда тожикистонлик шахс террорчиликда гумонланиб ҳибсга олинди
Олам
−
09 Апрель
5837Италия полицияси Римда ИШИД гуруҳининг Тожикистон фуқароси бўлган аъзосини қўлга олди. Бу ҳақда ANSA агентлиги хабар берди.
32 ёшли Илҳом Сайраҳмонзода Нидерландиянинг Эйндховен шаҳридан етиб келганида Фьюмичино аэропортида қўлга олинган.
Агентликнинг хабар беришича, қўлга олинган шахс 2014 йилда Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани учун Тожикистон томонидан халқаро қидирувга берилган.
Қайд этилишича, у террористик ташкилотнинг фаол аъзоси бўлиб, турли тахаллуслар ва туғилган саналари орқали ўзини Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Украина фуқароси сифатида кўрсатиб, ҳуқуқ-тартибот идораларидан яширинган.
Полиция уни аэропортдан қўлга олиб, ундан мобил телефон ва икки минг еврога яқин нақд пулни олиб қўйган.
Интерполга кўра, Рим унинг тўхташ жойи эмас, балки мақсади бўлган. Таъкидланишича, Сайраҳмонзода Италия полицияси маълумотлар базасида бўлмаган.
Унинг фуқаролиги 22 март куни “Крокус Сити Ҳолл” теракти билан боғлиқ юқори кескинлик туфайли ҳибсга олинишида асосий омил бўлган.
“Бироқ ҳозирча унинг ушбу ҳаракатга алоқадорлигини кўрсатадиган ҳеч қандай элементлар йўқ”, дейилади хабарда.
Айни пайтда Тожикистоннинг уни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимоси ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ички ишлар вазири Маттео Пиантедозининг таъкидлашича, бу ҳибсга олиш террорчилик таҳдидига қарши самарали профилактика фаолияти самарасидир.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг 7 октябридан буён хавфсизлик нуқтаи назаридан Италиядан 50 дан ортиқ одам чиқариб юборилган.
Маълумот учун, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”нинг концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар отишма бошлаган, кейин эса ўт қўйган. ИШИДнинг "Вилоят Хуросон" номли ячейкаси ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Россия расмийлари теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда. ФХХ дастлаб терактга алоқадорликда гумон қилинган 11 кишини қўлга олганини маълум қилди. Ҳибсга олинганлардан тўрт нафари Тожикистон фуқароси ҳақида хабар берилди. ФХХ 31 март куни Доғистонда теракт тайёрлашда гумон қилинган тўрт нафар хорижликни қўлга олди. Ҳибсга олинганлардан бири теракт иштирокчиларига қурол ва пул берганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва суди "Крокус" концерт залига ҳужум қилишда айбланган яна бир Тожикистон фуқароси Ёқубжон Юсуфзодани ҳибсга олганди. Кейинчалик ФХХ ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида терактга алоқадорликда гумон қилинган уч нафар шахсни қўлга олди.
LiveБарчаси