Ресторанларда мажбурий “обслуга” олиш қонунга зид – Рақобат қўмитаси
Жамият
−
21 Ноябрь 2025 4441 2 дақиқа
Ресторан ва кафеларда таомлар нархидан ташқари официант хизмати учун мажбурий равишда ҳақ ундирилиши қонунга хилоф ҳисобланади. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси огоҳлантириш эълон қилди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда ресторан ва кафеларда таомлар нархидан ташқари 10–15 фоиз, баъзан эса 20 фоизгача “хизмат ҳақи” мажбурий тарзда қўшимча тўлов сифатида ундирилаётгани, шунингдек, мижозлардан олдиндан депозит талаб қилинаётгани ҳақида мурожаатлар кўпайган.
Қўмита “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда бундай ҳолатлар аниқ белгиланганини эслатиб ўтди. Қонунга мувофиқ, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи корхоналар:
- Истеъмолчини қўшимча хизматлардан фойдаланишга мажбурламаслиги;
- корхонанинг турига қараб мижозга ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятини яратиши;
- таомлар нархи, хизмат кўрсатиш тартиби, барча шартлар, жумладан официант хизматининг қиймати ҳақида олдиндан ва тўлиқ маълумот тақдим этиши шарт.
Шу боис, ресторан ёки кафе мижозни олдиндан огоҳлантирмасдан қўшимча хизмат ҳақини ҳисоб-китобга қўшса ёки мажбурий депозит талаб қилса, бу қонунга хилоф амалиёт ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4, 19 ва 21-моддаларига кўра:
- Истеъмолчи товар ёки хизмат, шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олишга, уларни эркин танлашга ва сифатли бўлишини талаб қилишга ҳақли;
- ижрочи хизматларни белгиланган муддат, ҳажм ва сифатда кўрсатиши шарт;
- сотувчи (ижрочи) истеъмолчига қўшимча товар ёки хизматларни мажбуран юклашга, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундиришга мутлақо ҳақли эмас.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларини қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга йўл қўймасликлари, яъни умумий овқатланиш корхоналари турларидан келиб чиқиб истеъмолчиларнинг ўз-ўзига хизмат қилиш имкониятини яратиш, таомлар нархи, хизмат кўрсатиш тартиби ва улар билан боғлиқ шартлар, шу жумладан, официант хизмати учун ҳақ миқдори ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида тўлиқ таништириб ўтишлари лозимлиги борасида огоҳлантиради”, дейилади хабарда.
Комила Қобилова
Live
Барчаси