Респиратор касалликлар хавотирли эмас – Нурмат Отабеков 

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда хавфли вирус тарқалаётгани ва касаллик кўпроқ болаларга таъсир қилиб, уларда пневмонияни келтириб чиқараётганига доир хабарлар тарқалмоқда. Бироқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган респиратор касалликлар мавсумий характерга эга бўлиб, куз-қиш даврида уларнинг кўтарилиши кузатилади ва бундан зинҳор хавотирга тушиш керак эмас. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

ССВ хабарига кўра, одатда ўткир респиратор касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади. Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади. Навбатдаги босқичда томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида эса балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади.

“Янги вируслар пайдо бўлди, деган хабарларга келсак, мана, ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида тиббиёт учун нотаниш ва номаълум бўлган вируслар айланиб юриши қайд этилгани йўқ. Балки аниқланаётган касалликларнинг аксарияти мавсумий респиратор хасталиклардир”, дея таъкидлаган Санэпидқўмита расмийси.

У, шунингдек, бунинг олдини олиш ва эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун беморлар жамоат жойларига чиқишдан, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар ўзларини чеклаши, ижтимоий масофа сақлаши, айниқса беморлар ва уларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахслар тиббий ниқобда бўлишини тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Расулова Тошкент шаҳрида жойлашган барча даволаш-профилактика муассасаларида қўшимча бемор ўринлари ташкил этилганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ Нурмат Отабеков Санэпидқўмита Респиратор касалликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг