Референдумда овоз берганлар 73 фоиздан ошди
Жамият
−
30 Апрель 2023
4071Ўзбекистонда давом этаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Конституцияси бўйича референдумда соат 15:00 ҳолатига кўра, 14 миллион 206 минг 21 нафар шахс яъни овоз берувчиларнинг 73,17%и иштирок этишга улгурди. Бу ҳақда Марказий Сайлов Комиссияси матбуот марказида бўлиб ўтаётган брифинг давомида Комиссия раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров маълум қилди.
Энг кўп аҳоли Фарғона вилоятида – 2 миллион 209 минг 804 нафар фуқаро овоз берган. Кейинги ўринларда Самарқанд (2 081 436) ва Қашқадарё вилоятлари (1 840 371) қайд этилган.
“Ҳозирга қадар Владивосток, Токио, Сеул, Кванжу шаҳарларидаги референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари якунланди. Ушбу участкаларда овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланди. Бошқа хорижий мамлакатлардаги референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда”, дейди Қўчқоров.
Айтиш жоизки, хорижий давлатлардаги референдум участкаларида жами 307 минг 895 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчилар руйхатига киритилган.
“Шулардан 159 минг 276 нафари муддатидан олдин овоз берган”, деди Комиссия раиси ўринбосари.
Шунингдек, у овоз бериш билан боғлиқ қонунбузилиш қолатларига ҳам тўхталиб ўтди.
“Ижтимоий тармоқларда ва интернет нашрларида айрим референдум участкаларида якка ҳолдаги камчиликлар тўғрисида хабар берилмоқда. Барча ҳолатлар, албатта, МСК томонидан округ комиссиялари ҳамда мутасаддилар билан биргаликда қонун доирасида кўриб чиқилади”, деди Баҳром Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, овоз бериш жараёнлари соат 20:00 га қадар давом этади.
LiveБарчаси